Таиланддаги General Motors заводи Ўзбекистонга Chevrolet Trailblazer автомобилларининг биринчи партиясини юборди. Бу ҳақда компания сайтида маълум қилинди.

Фото: AutoDeal

«Биз Trailblazer Ўзбекистонда муваффақиятли сотилишини кутмоқдамиз, чунки у ердаги турли йўл шароитлари ишончли ва мустаҳкам, шу билан бирга қулай автомобилларни талаб қилади. Бундан ташқари, Trailblazer Chevrolet’нинг Ўзбекистондаги етакчилик мавқейини мустаҳкамлашга ёрдам беради ва GM Thailand учун яна бир халқаро экспорт бозорини тақдим этади», — дейди GM’нинг Жануби-Шарқий Осиё бўйича президенти Гектор Вильярреал.

Унинг қўшимча қилишича, Америка компанияси Таиланддаги ишлаб чиқариш корхоналари билан фахрланади ва Ўзбекистон жаҳон стандартларига жавоб берадиган автомобилларни қабул қилиб олади.

Ўзбекистонга йилига мингта мазкур моделдаги автомобиль етказилиши кутилмоқда. Улар яқин ойларда сотувга чиқарилади.

Таъкидлаш керакки, Таиланддаги GM заводи айни вақтда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, Австралия, Янги Зеландия, Яқин Шарқ мамлакатлари каби 16 та бозорга ўз автомобилларини эскпорт қилади.

GM Thailand, шунингдек, энергия самарадорлиги ва ишлаб чиқариш жараёнида ис газининг атрофга тарқалиши камлиги бўйича Таиландда ISО 50001 сертификатини олган илк компания ҳисобланади.

Аввалроқ, GM Uzbekistan premium сегментда Chevrolet Equinox кроссоверини, Chevrolet Trailblazer йўлтанламас ва Chevrolet Traverse оилавий кроссоверини ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.