Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Фарғона, Самарқанд ва Урганч «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари ўқувчилари учун илк бор Тошкент шаҳридаги Президент мактаби бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Президент мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари бўлажак ҳарбийларга ҳамроҳлик қилган ҳолда уларни жаҳон стандартлари даражасида барпо этилган замонавий таълим муассасаси билан яқиндан таништирди. Жумладан, ушбу масканда таълим олиш учун яратилган шароит, имконият ва қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Мактабимизда она тили ва адабиёти, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари, Ватан туйғуси, Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, дунё динлари тарихи, давлат ва ҳуқуқ асослари сингари фанлар ўзбек, бундан ташқари, аксарият фанлар инглиз тилида ўқитилади, – дейди Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Меҳринисо Шаймардонова.
Шунингдек, ўқув муассасамизда 18 нафар маҳаллий мураббийлар билан бир қаторда 11 нафар хорижлик мутахассислар ўқувчиларга дарс бермоқда. Президент мактабида ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани орқали ҳарбий ватанпарварлик руҳида вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Катта таассуротлар билан танишган лицей ўқувчилари ўз навбатида Президент мактаби ўқувчиларини «Темурбеклар мактаби» фаолияти билан танишиш учун таклиф этди.
Изоҳ (0)