Қашқадарё вилояти Косон туманида қизининг номусига теккан шахс жазоланмаганидан норози она икки марта ўз жонига қасд қилгани ҳақида «Озодлик» томонидан хабар берилган. Хабарга кўра, қиз унинг қўшниси томонидан 2017 йилда икки марта зўрланган, шундан сўнг у 2018 йилда фарзанд кўрган, лекин унинг боласи сирли тарзда ғойиб бўлган. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддинов мазкур ҳолат юзасидан «Дарё»га маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2019 йил март ойида Косон туман 6-сонли мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари туман прокуратурасига шикоят билан мурожаат қилган. Шикоятда ўқитувчилар мактаб директори О.Д.нинг хатти-ҳаракатларидан норозилигини, 2018 йил май ойида 9-синф ўқувчиси, 2003 йилда туғилган Н.Б.нинг ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўрганлиги айтилган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан фуқаро Б.Б.га нисбатан Жиноят Кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши терговга тегишлилигига кўра Косон туман ИИБга юборилган.

Тергов жараёнида Н.Б. 2017 йил август ойида Б. Б. билан жинсий алоқада бўлиб, ҳомиладор бўлиб қолганлиги, 2018 йил 11 май куни Косон туман туғруқ комплексида қиз фарзандни дунёга келтирганлиги аниқланган. Қизнинг онаси Н.Р. туғилган қиз неварасини шифохонада қолдириб, қизини уйига олиб кетган. Туғруқхона бошлиғи васийлик ва ҳомийлик органига бу ҳақда хабар берганидан сўнг, бошқа бир оила Н.Б.дан туғилган қиз фарзандни асраб олган. ДНК биология экспертизасининг хулосасига кўра, қиз фарзанднинг биологик отаси А.Ж. бўлиб чиққан. Б.Б. эса чақалоқнинг биологик отаси эмаслиги аниқланган.

2019 йил 7 октябрда Б.Б. ва А.Ж. Жиноят Кодексининг 128-моддаси 1-қисмида кўрсатилан жиноятни содир қилганлиги ўз тасдиғини топиб, улар Н.Б. билан 2017 йил август ойида жинсий алоқада бўлганлиги аниқланган. Бироқ Жиноят кодексининг 64-моддаси 1-қисми «а» банди, яъни ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган шахс жиноят содир этган кундан бошлаб икки йил муддат ўтган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши принципига асосан айблилик масаласини ҳал қилинмай туриб жиноят иши тугатилган.

Бош прокуратура томонидан маълум қилинишича, Н.Б.нинг онаси Н.Р.нинг 2018 йилда ва 2019 йил сентябрь ойида ўз жонига қасд қилганлиги ҳолатлари юзасидан туман ИИБ ва прокуратурасига хабар келиб тушмаган.

Н.Р.нинг ўз жонига суиқасд қилганлик ҳолатлари ижтимоий тармоқларда тарқалганлиги сабабли, 2019 йил 31 октябрда Косон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши бошланган.