Туркия Сурия шимолида «Тинчлик булоғи» деб номланган ҳарбий операцияни бошлади. Бу операция туфайли Анқаранинг Ғарб билан муносабатлари янада ёмонлашди, кўплаб давлатлар Туркияга қурол сотишни тўхтатди ва янада жиддий чоралар кўришни режалаштирмоқда.

Шу муносабат билан тайёрланган материалда «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Эргашев Туркия ва курдлар ўртасидаги ихтилоф тарихига назар ташлайди ҳамда бугунги кунда минтақада бўлаётган воқеаларга баҳо беради.

Қисқача тарих

Курдлар – Яқин Шарқда, Шарқий Эрон, Шарқий Туркия, Ироқ шимоли ва Сурия шимолида истиқомат қиладиган халқ. Бугунги кунда курд халқи тахминан 40–45 миллион атрофида деб баҳоланади. Курд тили ҳинд-европа оиласининг эрон гуруҳига мансубдир. Курдлар Яқин Шарқдаги турли мамлакатларда яшайдиган элат бўлгани учун турли шеваларда гаплашади. Курд халқи асосан ислом динининг сунний мазҳабига мансуб бўлса-да, улар орасида шиалар, христианлар ҳамда язидларни топиш мумкин.

Ҳозирги даврда курдлар ўз давлатчилигига эга бўлмаган халқлардан бири ҳисобланади. Тарихга назар ташласак, 1920 йилда Антанта ва Туркия ўртасида имзоланган Севр тинчлик битимига мувофиқ, мустақил Курдистон давлатини тузиш назарда тутилган эди, бироқ бу битим кучга кирмади ва 1923 йилги Лозанна шартномаси билан унинг шартлари бекор қилинди. Натижада курдлар бир неча бор Туркияга қарши қўзғолон кўтарди. Улардан энг йириги ва фожиалиси Дерсим қатлиоми бўлиб, унда 13 мингдан 70 минггача одам ҳалок бўлгани айтилади.

Фото: Wikipedia

1961 йилда Ироқдаги курдлар танаффуслар билан бир неча ўн йиллаб давом этган қўзғолон бошлади. Курд миллатчилигининг ўсиб бориши 1978 йилда Курдистон ишчи партиясининг тузилишига олиб келди. Мазкур партия асосий мақсади сифатида Туркия ҳудудидаги курдларнинг мустақил давлатини тузишни белгилаб олди. Аммо Курдистон ишчи партияси 1993 йилдан бошлаб ўз сиёсий маслагини бироз ўзгартирди ва Туркия таркибида мухторият мақоми олиш учун ҳаракат қила бошлади. Шу даврдан бери курдлар мухторият учун курашиб келмоқда.

1999 йилда Туркия Курдистон Ишчи партияси етакчиси Абдулла Ўжаланни Кенияда қўлга олди. Бунга АҚШ ва Исроил махфий хизматлари ёрдам берди. Шундан кейин курдларнинг партизанлик уруши сўна бошлади, аммо 2005–2006 йилларда курдларнинг партизанлик уруш ҳаракатлари фаоллаша бошлади.

Курдлар ва ИШИД

Курд масаласига яқин вақтларга қадар лоcал муаммо сифатида қаралар, у бугунги давргидагидек дунё миқёсига чиқмаган муаммо эди. Курдлар 2003 йили АҚШнинг Ироққа бостириб кириши оқибатида кенг жамоатчилик назарига туша бошлади.

Сурияда ИШИД ташкил этилгани эълон қилинганидан сўнг курдлар икки ўт орасида қолиб кетди: бир тарафдан Сурия ҳукумати, бошқа тарафдан ИШИД орасида. Курдларни қамчи ва қон билан ушлаб турган Саддам Ҳусайннинг ҳокимиятдан кетиши, Суриядаги нотинч вазият Туркия ҳудудидаги курдлар ҳаракатини янада фаоллашишига олиб келди.

Айнан шу пайтларда ИШИД билан юзма-юз қолиб кетган курдлар ҳақида терроризмга қарши курашаётган миллат сифатида гапира бошлашди. Курдлар ҳаракати дунё сиёсати саҳнасига чиқди; бугун курд масаласи турли қутблардаги кучлар томонидан ўз манфаатлари йўлида ишлатиб келинмоқда.

Ироқ ва Курдистон

Ироқ Курдистони айни пайтда Ироққа тегишли ҳудудлардаги энг омадлиси деса бўлади. Нефтьга бой ҳудудларга эгалик қиладиган бу ҳудудда инфратузилма яхши ривожланган, мудофаа тизими ҳам аъло даражада.

Ироқ масаласидаги муаммоларда курдлар АҚШнинг яқин иттифоқчисига ҳам айланиб улгурган. Бу эса ироқлик курдларга миллий мухторияти ҳамда таъсирини ошириб олишга имкон берган. Натижада Ироқ Курдистони 6 миллион аҳоли истиқомат қиладиган, 40 минг квадрат километр майдонга эга ўзига хон, кўланкаси майдон тузилмага айланди. Ироқ Курдистони ўз президентига ва ҳудудий кенгаш – парламентига эга бўлиб, бу парламентда 111 депутат фаолият олиб боради. Пойтахт Арбилда ҳаттоки халқаро аэропорт ҳам мавжуд бўлиб, бу Бағдодга тушмай Курдистонга бориш имконини беради.

Туркия ва курдлар

Туркия учун Курдистоннинг расмий Бағдодга иқтисодий тобе бўлиши манфаатли. Туркияда 20 миллионга яқин курд яшаётганини назардан қочирмасак, Туркиянинг курдлар борасидаги ташвишларини тушуниш мумкин. Курдистоннинг Ироқ таркибида қолиши Ироқ нефтининг Туркияга оқиб келишини англатади, шундай экан, курдларнинг мустақиллигидан ташвишланмаса ҳам бўлади. Мабодо Курдистон мустақилликка эришгудек бўлса, бу расмий Анқаранинг сиёсатини доимо қўллаб-қувватлашдан бош тортиб келаётган курдларнинг Туркия ҳукумати учун ҳақиқий бош оғриғи масаласига ҳам айланиши мумкин.

Фото: Google Photos

Курдларнинг мухториятга интилиши турк ҳукуматининг қаршилигига учраб келади. Туркия наздида курдлар «айирмачи бўлғинчилар»дир. Курдистон ишчи партияси Туркияда террорчи ташкилот сифатида эътироф этилади. Турк матбуотида курд номи тез тез қораланади. Курд миллий кийими, курд таомиллари, ҳатто курд тили тақиққа учраган даврлар ҳам бўлган.

Курдистон ишчи партиясининг ташкил қилиниши Туркия ва курдлар ўртасидаги адоватни янада чуқурлаштириб юборди. 2013 йилда Сурия чегарасидан унча узоқ бўлмаган шаҳарчада ИШИД жангарилари теракт уюштирди. Теракт оқибатида 33 нафар курд ҳалок бўлди. Мазкур теракт Курдистон ишчи партияси томонидан қораланди ва Туркия ИШИД жангариларига мазкур терактда кўмаклашгани иддао этилди. Айбловлардан сўнг Туркия Курдистон ишчи партиясига қарши ҳаракатларни бошлаб юборди.

2019 йилнинг 31 август санасида Ражаб Тоййиб Эрдўғон, АҚШнинг эътирозига қарамасдан, Сурия шимолидаги  курд ҳарбийлашган мудофаа гуруҳларини тор-мор қилиш режасини эълон қилган эди (бу ҳудуд эса АҚШ ҳарбийлари томонидан назорат қилинадиган ҳудуддир). Расмий Анқаранинг мазкур баёнотидан кейин Сурия Туркия-Америка битими Суриянинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган ҳаракат дея эътироф этди.

«Тинчлик булоғи»

Эълон қилинган режа асосида Туркия ҳукумати қўшинлари 9 октябрь санасида Суриядаги курд мудофаа бўлинмаларига қарши «Тинчлик булоғи» ҳужум амалиётини бошлаб юборди. АҚШ ва Ғарб матбуоти Туркиянинг бу юриши ортидан Дональд Трамп ҳукуматини курдларга хиёнат қилганликда айблади. Боиси, курдлар ИШИДга қарши курашда АҚШ ҳарбийларининг асосий таянчи сифатида баҳоланиб келинган, ИШИДни тор-мор келтиришда муҳим вазифани бажариб келган эди.

Фото: Google Photos

Уруш ҳаракатлари бошланганининг 4-кунида курд мудофаа отрядлари ИШИД лашкарлари сафида бўлган хорижий давлат фуқаролари Туркия ҳужуми натижасида курдлар қўриқлаётган лагердан қочиб кетгани ҳақида хабар тарқатди. Сурия демократик кучлари матбуот котиби Twitter’даги саҳифасида «Сизларнинг ИШИДга аъзо бўлган террорчиларингизни қўриқлаётганимизда бизнинг оилаларимизни, болаларимизни ҳаво ҳужумидан нишонга олишар экан, биздан бирор нарсани кутмасангиз ҳам бўлади» деб ёзди.

17-октябр санасида Туркия ва АҚШ ўртасидаги музокарлар натижасида Анқара ҳарбий амалиётини 120 соатга тўхтатиб туриши ҳақида маълумот пайдо бўлди. Келишувнинг асосий шарти сифатида Курдистон ишчи партияси мудофаа гуруҳларини Туркия белгилаган 30 километрлик хавфсиз ҳудуддан Сурия ичкарисига олиб кетиши белгиланган. Аммо Туркия ҳукумати курдлар келишилган битим шартларини бажармай, турк ҳарбийларига қарши ҳужумлар уюштираётганини иддао қилмоқда. Сурия демократик кучлари эса, ўз навбатида, расмий Анқарани курд мудофаа гуруҳларини Рас-ал-Айндан олиб чиқиб кетишга тўсқинлик қилаётганликда айбламоқда.

21 октябрь санасида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Туркия 35 соатдан кейин Суриядаги ҳарбий операцияни қайтадан бошлаши мумкинлигини эълон қилди.

Туркия курдларга қарши жангга киришининг асосий сабабларидан бири ўз чегаралари яқинида курдлар ҳужумидан сақланишдир. Туркия наздида, чегара ҳудудларда курд айирмачилари позициялари заифлаштирилмаса, бу келажакда Туркиянинг курдлар яшайдиган минтақаларида жанговар ҳаракатлар кенг қулоч ёйишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, Туркия ҳукумати 30 километрлик хавфсиз ҳудуд орқали Суриядаги урушдан қочиб келган одамларни ватанига қайтариш истагида. Бу Анқаранинг харажатларини янада қисқартирган бўлади.

Ниҳоят, Туркия Сурия шимолидаги ҳарбий операция натижасида ҳарбий қуроллари қай даражада ишончли эканлигини ҳам синаб олиш имконига эга бўлади.

Ҳозирда Туркия ичида Эрдўғоннинг Сурия шимолида олиб бораётган «Тинчлик булоғи» операцияси аксар туркларга маъқул келмоқда ва қўллаб-қувватланмоқда. Бу ҳам Эрдўғонга кутилган натижани, яъни яхши пиарни бермоқда.

Операция қандай якун топади буни албатта вақт ҳал қилади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.