Жанубий Корея Миллий мудофаа вазирининг Ўзбекистон Мудофаа вазирига йўллаган расмий таклифига биноан мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуроллантириш бўйича ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов бошчилигидаги ҳарбий делегация жорий йилнинг 13—18 октябрь кунлари Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган Seoul ADEX-2019 Халқаро авиакосмик ва мудофаа технологиялари кўргазмасида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Seoul ADEX-2019 Халқаро авиакосмик ва мудофаа технологиялари кўргазмаси – бу муҳим жисмоний ва ҳарбий шахслар ҳамда бошқа мутахассисларнинг соҳада эришилган сўнгги ютуқлари намойиши ва янги технологиялар алмашинуви, иштирокчиларнинг муҳим учрашув ва амалий музокаралар жойлиги билан аҳамиятли.
Seoul ADEX-2019 Халқаро кўргазмаси давомида Ўзбекистон делегацияси Жанубий Корея томонидан Сеул шаҳри яқинидаги КINTEX — Seoul ADEX марказ ва «Чхонджу» аэродромида тақдим этилган Ҳарбий ҳаво кучлари қуроллари, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмалари, учувчисиз учиш аппаратлари, эрдаги қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва экспонатлар ҳамда бошқа Корея Республика корхоналарининг хизмат турлари билан танишди.
«Халқаро авиакосмик ва мудофаа технологиялари кўргазмаси давомида полковник Ойбек Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси учун мудофаа саноати ассоциацияси раиси ва бир қатор Корея ва бошқа хорижий компаниялар раҳбарлари ва вакиллари, шу жумладан Жанубий Корея мудофаа вазирининг ўринбосари Су Чо Сук билан учрашувлар ташкил этилиб, ҳарбий ва ҳарбий техник ҳамкорлик, Мудофаа вазирлиги қўшинларига замонавий технологияларни жалб этиш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда тажриба алмашинуви, турли хизматлар кўрсатиш бўйича музокаралар олиб борилди», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)