Андижон туманидаги 35-сонли мактаб ўқувчилари овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берилганди. Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ушбу хабар юзасидан «Дарё»га қўшимча маълумот берди.

Фото: Zarnews

«8 октябрь куни соат 20:30 дан Андижон туман юқумли касалликлар шифохонасига 4 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган. Шу куни соат 00:00 га қадар фаол аниқлаш йўли билан яна 23 нафар фуқаро ‘овқат токсикоинфекцияси’ бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Жами 27 нафар фуқародан 24 нафари туманнинг 35-мактаб ўқувчилари, бир нафари синф раҳбари, бир нафари мактаб ўқувчисининг онаси – туғилган кун муносабати билан торт пишириғи тайёрлаб олиб борган, яна бир бир нафари эса шу синф ўқувчиси уйдаги кичик ёшдаги синглисига бергани натижасида заҳарланиш қайд этилган», — дейилади хабарда.

Тезкор олиб борилган муолажалар натижасида 9 октябрь куни соат 10:00 га қадар 13 нафар, соат 12:00 га қадар яна 9 нафар беморнинг ҳолати яхшилангани сабабли уларга шифокорлар томонидан уйларига кетишга рухсат берилган.

Яна 3 нафар ўқувчига 9 октябрь куни соат 18:00 да ҳолати яхшилангани сабабли уйга кетишга рухсат берилган. Ҳозирда синф раҳбари, ўқувчилар ва бошқаларнинг ҳолати қониқарли.

Таъкидланишича, беморларнинг ҳолати туман соғлиқни сақлаш бўлими масъул ходимлари томонидан назоратга олинган. Заҳарланиш рўй беришида назорат қилмаган ва масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб раҳбариятига тегишли тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилган.