Инновацион ривожланиш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилган Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораторияси доирасида 30 сентябрь куни «Ўзбекистонда очиқ маълумотларга талаб: муаммолар ва имкониятлар» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбирда Ўзбекистонда очиқ маълумотлар базасидан фойдаланиш тизимидаги муаммолар хусусида сўз юритилган.
Давра суҳбати «Рақамли Ўзбекистон – 2030» концепцияси ҳамда рақамли ҳукумат ва очиқ маълумотлар концепциясини яратишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Мулоқотда Жаҳон банки экспертлари Влад Мониал, Стела Лаука ва Олег Петров Ўзбекистонда рақамли ҳукуматни шакллантиришда очиқ маълумотлар бўйича ислоҳотларни ижобий баҳолаган.
Шунингдек, соҳада амалга оширилиши керак бўлган ишлар, соҳадаги тўсиқлар ва муаммоларни бартараф этиш бўйича муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, очиқ маълумотлар стратегиясини ишлаб чиқиш, масъуллар ваколат ва имкониятини ошириш, маълумотлардан фойдаланиш учун ҳақ тўлаш масаласини ўрганиш, очиқ маълумотлар ресурсини ривожлантириш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш зарурияти иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланган.
Изоҳ (0)