ЖССТ Европа минтақавий бюросига янги директор сайланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.
Дания пойтахти Копенгаген шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий қўмитасининг 69-сессияси ўз ишини бошлаган.Сессияда ЖССТнинг Европа минтақасидаги 53 та аъзо давлатдан 500 дан зиёд нуфузли вакиллар ва соғлиқни сақлаш вазирлари хусусан, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.
Сессиянинг иккинчи куни Европа минтақавий бюросига янги директор этиб, олти нафар номзод орасидан белгиялик 50 ёшли Ханс Клюге сайланган.Бунга қадар Ханс ЖССТ Европа минтақавий бюросининг соғлиқни сақлаш тизимлари ва жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш бўлими директори ва ушбу бюро минтақавий директорининг махсус вакили лавозимида фаолият кўрсатган.
Хабар берилишича, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ханс Клюге билан учрашиб, уни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклаган.
Эслатиб ўтамиз ЖССТ Европа минтақавий бюросини минтақавий қўмита томонидан сайланадиган директор бошқаради. Ушбу лавозимга аъзо давлатлар томонидан тавсия этилган номзодлар орасидан беш йил муддатга сайланади.
Изоҳ (0)