Сентябрь ойидаги ФИФА кунларида Евро—2020 саралаш босқичининг 5 ва 6-тур учрашувлари бўлиб ўтди. «Дарё» гуруҳлардаги ҳолат ҳақида тўхталиб ўтади.

«А» гуруҳи

Фото: Twitter

Мазкур гуруҳда кутилганидек Англия терма жамоаси ўз устунлигини намойиш қилмоқда. Инглизлар 7-сентарбдаги ўйинда Болгарияни йирик ҳисобда доғда қолдирган бўлса, орадан уч кун ўтиб голларга бой бўлган баҳсда Косовадан устун келди. Битта захира ўйинига эга Гарет Саутгейт шогирдлари кейинги турда масалани ҳал қилиш имкониятига эга.

Октябрда «уч шерлар» иккинчи ўриндаги Чехия майдонига сафар қилади ва бу ўйиндаги ғалаба Англияга деярли муддатидан аввал 1-ўринни тақдим этади. Иккинчи йўлланма учун эса Чехия ва Косово термалари ҳаракат олиб бормоқда. Черногория ва Болгарияда имконият фақат математик жиҳатдан сақланиб қолган.

«Б» гуруҳи

Фото: Twitter

Мазкур гуруҳда 6-турдан сўнг кутилмаганда Украина 13 очко билан етакчи бўлиб турибди ва битта ўйин кам ўтказган Португалияни беш очкога ортда қолдирмоқда. Сўнгги иккита ўйинда Португалия сафарда Сербияни 2:4 ҳисобида таслим этди ва Литва майдонида бешта гол урган ҳолда вазиятини яхшилаб олди. Бу ўйинда Криштиану Рональду покер қайд этган ҳолда жамоасига навбатдаги ғалабани тақдим этди.

Украина ҳам Литвадан уч очко тортиб олди, 6-турда эса дам олди. Бу икки жамоага Сербия рақобатчи бўлишга уринмоқда.

«C» гуруҳи

Фото: Twitter

Аввал бошидан «ўлим гуруҳи» деб аталган мазкур гуруҳда кураш қизғин бормоқда. 6 сентябрда нафақат гуруҳнинг, балки 5-турнинг марказий ўйинида Германия ва Нидерландия терма жамоалари ўзаро баҳсга киришди. Унда «учар голландлар» ишончли ғалабани қўлга киритди. Кейин Нидерландия термаси Эстония майдонидан йирик ғалаба билан қайтди, немислар эса муҳим ўйинда Шимолий Ирландияни доғда қолдирди.

Айни дамда Германия ва Шимолий Ирландия 12 тадан очко тўплаган ҳолда пешқадам бўлиб турибди. Захира ўйинига эга Нидерландия 9 очко билан улар ортидан бормоқда. Эстония термаси Европа чемпионатига чиқиш ҳуқуқидан расман маҳрум бўлди.

«Д» гуруҳи

Фото: Twitter

Бу гуруҳда ҳам тенг кучга эга учта жамоа ўртасидаги баҳс «қизиб» бормоқда. 5-турда Ирландия ва Швейцария терма жамоалари ўйинида дуранг қайд этилди. Бундан унумли фойдаланган Дания термаси Гибралтарни йирик ҳисобда енгган ҳолда етакчилар қаторига қайтди. Бироқ данияликлар 6-турда Грузия билан дуранг ўйнаб, пешқадамга айланиш имкониятини йўққа чиқарди.

6-турдан кейин Ирландия 11 очко билан 1-ўринда бормоқда. Ундан икки очко кам тўплаган Дания эса иккинчи поғонада. Кейинги ўриндаги Швейцария (8 очко) битта ўйин кам ўтказган. Ортда қолган бешта ўйинда очко жамғариш уёқда турсин, бирорта ҳам гол ура олмаган Гибралтар деярли имкониятни йўқотди.

«Э» гуруҳи

Фото: Twitter

Бу интрига бой гуруҳлардан бири бўлиб турибди. Сўнгги икки турда бир қатор қизиқарли ўйинлар бўлди. 4-турдан кейин пешқадам бўлиб турган Словакия ўз майдонида Хорватияга йирик ҳисобда ютқазиб қўйди. Шунингдек, 5-турда Уэльс термаси ўзида Озарбайжонни қийинчилик билан енгди.

6-турда Хорватия кутилмаганда Озарбайжон билан дуранг ўйнаб қўйди. Словакия эса Венгрияни мағлуб этди. Шу тариқа, гуруҳидаги вазият чигал тус олмоқда.

Хорватия 10 очко билан пешқадамга айланди, Словакия ва Венгрия эса 9 очкодан тўплаган ҳолда кейинги ўринларда бормоқда. Битта захира ўйинига эга Уэльсда эса 6 очко бор.

Давоми бор...

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!