Ўзбекистонда сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида меҳмонхона, аэропорт, темир йўллари ва автовокзаллар ҳудудида интернет тезлиги сониясига 4 мегабайтдан кам бўлмаган Wi-Fi тармоғи ўрнатилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.
«Бугунги кунда рақамли технологиялар туристларга бутун дунё бўйлаб дадил ва эркин саёҳат қилиш имконини бермоқда. Сайёҳлар биргина тугмани босиш орқали мулоқот қилиши, бир жойдан иккинчисига кўчиши, тўлов амалга ошириши ёки бошқа қизиқ нарсаларни топиши мумкин. Бунинг учун эса, албатта, интернет тармоғи зарур. Шундай экан, интернетга кириш сайёҳнинг таассуротларини яхши ёки ёмон томонга ўзгартира олади», — дейилади хабарда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан меҳмонхоналарни бутунжаҳон Интернет тармоғига кириш, жумладан, 4 мб/с’дан кам бўлмаган тезликдаги симсиз Wi-Fi билан таъминлашга доир талабларни киритиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ аэропортлар, темир йўллари ва автовокзаллар ҳудуди ҳам сониясига 4 мегабайтдан кам бўлмаган тезликдаги симсиз Wi-Fi билан таъминланади.
Мазкур қадам туристик «ақлли шаҳар»ни яратиш босқичларидан биринчиси ҳисобланади. Бу ерда юқори технологиялар инфратузилма ва хизматларни яхшилаш ҳамда маҳаллий иқтисодиётни рағбатлантириш йўлида хизмат қилади.
Изоҳ (0)