Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирги кунда дунёда 400 миллион нафардан зиёд қандли диабет хасталигига чалинган бемор бор. Бу ҳақда «Дарё»га Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.
Таҳлилларга кўра, ушбу кўрсаткич 2030 йилга бориб 550 миллиондан ошиши мумкин. Ўзбекистонда ушбу касаллик билан 220 минг нафар киши рўйхатга олинган. Рақамлардан кўриниб турибдики, эндокринология соҳасини ривожлантириш дунё миқёсида долзарб аҳамият касб этади.
Соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволаш мақсадида Миллий дастур, чора-тадбирлар комплекси, «Йўл харитаси» билан биргаликда Миллий дастурнинг 2019—2023 йилларга мўлжалланган асосий масалалари ҳам белгилаб олинган. Бу ҳақда вазирлик томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган «Ўзбекистон Республикасида эндокринология ҳолати» мавзусига бағишланган матбуот анжуманида қайд этилди.
Шу асосда академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази олимлари ва етакчи мутахассислари томонидан инсон саломатлиги ва жамият ривожига салбий таъсир этувчи бундай касалликларнинг олдини олиш ва беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги икки йил ичида ҳудудларда эндокринология соҳасини комплекс ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам сифатини ошириш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятлардан Тошкентга келиб мурожаат қилувчилар қарийб 3 баробарга қисқарган.
«Мамлакат бўйлаб 650 нафардан зиёд эндокринолог шифокор самарали фаолият юритмоқда, шунингдек, пилот вилоятларда 45 ёшдан ошган аҳоли орасида қандли диабет скрининги ўтказилган, қандли диабетнинг сурункали асоратларини камайтириш, уларнинг юзага келишини кечиктиришга ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга йўналтирилган онлайн регистр ишлаб чиқилмоқда, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)