Россияда товар ва хизматлар сифатини текширувчи давлат ташкилоти – «Роспотребнадзор ва «РИА Новости» журналистлари билан биргаликда шу кунларда Москва дўконларида сотилаётган бир неча мевалар текшириб кўрилди. Бу ҳақда Sputnik хабар беради.
Улар, хусусан, Ўзбекистонда етиштирилган «Баҳор» навли қизил гилос ва «Шаллах» навли ўрикни ҳамда Арманистондан олиб келинган қулупнайни текшириб кўрди.
Мутахассислар биринчи навбатда мевалар хавфсизлигини текширди. Гилос, ўрик ва қулупнайда оғир металл тузлари, пестицидлар ёки бошқа зарарли кимёвий моддалар топилмади.
Иккинчи навбатда улар мевалар таркибида C витамини, фойдали темир, калсий, магний, натрий, фосфор ва бета-каротин моддалари миқдорини аниқлади.
Гилосда – темир моддаси одатдагидан кўра 6 баробар, C витамини — 3,5 баробар, калсий — 3 баробар, магний ва фосфор – 2,5 баробар кам бўлиб чиқди. Одатда 100 грамм гилосда 13 грамм натрий моддаси бор, лекин бу сафар 1,4 грамм чиқди. Лекин бета-каротин — нормадан 10 баробар кўп.
Ўрикда ҳам витаминлар миқдори белиганган миқдордан кам чиқди. Витамин C — 3,5 баробар, калий — 1,5 баробар, калсий ва натрий —2,5 баробар кам.
Арманистон қулупнайида темир – 4 баробар, калсий – 2 баробар, магний – 1,5 баробар кам чиқди. C витамини эса 50 миллиграмм – етарли миқдорда экани маълум бўлди.
«Роспотребнадзор» раҳбари Анна Потапова айтишига қараганда, витаминлар етишмаслигига бир неча сабаб бўлиши мумкин. Улар орасида – қуёшли кунлар кам бўлгани, ерда минераллар миқдори камлиги ва бошқалар, деди мутахассис.
«Демография» миллий лойиҳа талабларига кўра, Россия аҳолиси экологик тоза ва витаминларга бой мевалар билан таъминланиши керак. Шу сабабдан «Роспотребнадзор» дастурхонга тортилаётган барча мева-сабзавотларнинг молекуляр таркибини текшириши керак.
Овқатланиш Илмий-текшириш институти мутахассиси Наталия Жилинская айтишича, алоҳида меваларда фойдали витаминлар кам бўлса-да, уларнинг инсон организмига умумий фойдаси катта. Масалан, ўрик холестерин миқдорини камайтириб, юрак-қон айланиш тизимига яхши таъсир қилади. Бошқа мевалар таркибида озиқа толалари кўп – бу эса овқат ҳазм қилиш тизими учун фойдали. Ундан ташқари мевалар таркибида C, Б1 ва Б6 витаминлари, калий, темир, хром, марганец, калсий, ёд, селен ва фосфор бор. Буларнинг барчаси инсон организми учун керакли моддалар.
Асосийси, меваларни оч қоринга меъёрдан ортиқ истеъмол қилмаслик керак. Катта ёшли киши учун 1 кунда 1 кг мева истеъмол қилиш мумкин, лекин ушбу миқдорни бўлиб-бўлиб бир неча маротаба истеъмол қилинса – янада фойдали бўлади, ошқозонга зарар етмайди.
Изоҳ (0)