Инсонни Ойга қайтариш режаларини амалга ошириш олдин кўзда тутилганидан анча кам бўлиши мумкин. Бу ҳақда NASA раҳбари Жеймс Брайденстайн маълум қилди, дея хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: EPA

«Олдинги гал бунинг харажатлари 20 дан 30 миллиард долларгача бориши мумкинлигини айтгандим. Ҳозирда хусусий компаниялар билан шериклик ривожланиб бораётгани сабабли бу сарфлар 2024 йилгача 20 миллиард доллардан анча кам бўлиши мумкин», — деди Брайденстайн.

NASA раҳбари Ойга астронавтларни қўндириш бўйича лойиҳа харажатларининг бир қисмини уни амалга оширишда иштирок этадиган бошқа давлатлар ҳам зиммасига олиши мумкинлигига умид билдирди.

Шунингдек, АҚШ Ойга биринчи галда аёл астронавтни учиришни режалаштирганини ҳам қўшимча қилди.