Италиянинг Неапол шаҳрида бўлиб ўтаётган ёзги Универсиада ўйинларида дзюдо бўйича мусобақаларнинг учинчи кунида Ўзбекистон делегацияси ҳисобига навбатдаги медаль қўшилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон делегацияга навбатдаги медални ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони, катталар орасида Осиё чемпиони Диёра Келдиёрова тақдим этди.
6 июль, шанба куни -52 кг вазн тоифасида ўтказилган баҳсларда иштирок этган Келдиёрова мусобақадаги иштирокини иккинчи даврадан бошлаб, дастлаб литвалик Гинтаут Марсилионитни мағлубиятга учратди.
Учинчи давра беллашувида кореялик Да Сол Паркка имкониятни бой бериб қўйган Келдиёрова бронза медали учун кечган ўтиш баҳсларида Бразилия, Португалия ва Мўғулистон вакилларидан устунлик қилди.
Учинчи ўрин учун кечган баҳсда германиялик Анника Вурфелни мағлубиятга учратган Диёра Универсиаданинг бронза медалини қўлга киритди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)