Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Иш билан банд бўлмаган фуқароларни пахта йиғим-терим жараёнига ихтиёрий равишда жалб этиш тизимини ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлади, бу ҳақда Sputnik маълум қилади.
Лойиҳада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг Сирдарё вилоятида пахта йиғим-терим жараёнига ихтиёрий равишда жалб этиладиган меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларни дала марказларига жойлаштириш бўйича экспериментал лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги таклифларни маъқуллаш назарда тутилган.
«Дала марказлари меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларга, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва хусусий бандлик агентликлари томонидан Республиканинг турли ҳудудларидан муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш учун Сирдарё вилоятида пахтани йиғиб-териб олиш жараёни бўйича қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этиш учун ташкил этилади», — дейилган ҳужжат лойиҳасида.
Ҳужжат лойиҳасига Сирдарё вилояти ҳудудларида ихтиёрий равишда пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда қатнашадиган ишсиз фуқароларни дала марказлари дислокацияси илова қилинган.
Қарорда ёзилишича, умумий сиғими тахминан 36 минг кишига мўлжалланган 90 та дала марказлари ташкил этилиб, ҳар бир дала марказида қуйидаги шарт-шароитлар яратилади:
— яшаш учун санитария-гигиена ва маиший шароитлар: ҳар бири 40 кишилик яшаш учун мўлжалланган 10 та чодир, икки қаватли ётоқ ўрни, кўрпа-тўшаклар, чойшаблар, вентиляция тизими, иситиш анжомлари билан жиҳозланади;
— ошхона чодири, 2 та овқатланиш чодирлари ва стол-стуллар, овқат пишириш учун қозонлар, самоварлар, музлаткич, ичимлик суви учун идишлар, ошхона ва махсус идиш-товоқлар, озиқ-овқат етказиб бериш учун махсус термос идишлари;
— 40 та ювиниш анжомлари ўрнатилган жой ва 12 та иссиқ сув билан таъминланган душ кабиналари, 12 ўринли ҳожатхона, 10 та чиқинди контейнерлари, доимий равишдаги сув таъминоти;
— дала маркази ҳудудида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни ўтказиш учун тиббий инвентар ва дори-дармонлар ҳамда препаратлар билан жиҳозланган тиббий чодир;
— видеопроектор, бадиий адабиётлар, турли хил стол ўйинлари билан жиҳозланган маданий-дам олиш чодирлари;
— кунлик эҳтиёжлар учун зарур саноат товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотишга мўлжалланган чодирлар.2019 йил 10 июлга қадар тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида 90 та дала марказлари ташкил этиш баён этилган.
Қарор лойиҳасида қайд этилишича, жорий йил август ойида ташкил этилган дала марказларида вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, ҳудудий қишлоқ, сув хўжалиги бошқармалари, бандлик ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик учун меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларни пахтани йиғиб-териб олиш жараёнига уюшган ҳолда жалб этиш тизимини жорий этиш масалалари бўйича семинарлар ва давра суҳбатларини ўтказиш ташкил этиш вазифаси ёзилган.
«Семинарлар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 2019 йил 1 сентябрга қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам дала марказларини ташкил қилиш тажрибасини жорий қилиш бўйича таклифлар киритилсин», — дейилган лойиҳада.
Ҳужжат лойиҳасини 10 июлгача муҳокама қилиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)