Давлат солиқ қўмитаси автомобиль ёки ҳар қандай техника ишлаб чиқарувчилар ўз хоҳишлари билан нархларни истаганча оширмасликлари учун импорт бўйича божлар кўриб чиқилишини маълум қилди. Иқтисодчилар ушбу хабарни сенсация демоқда. Бу ҳақда «Минбар» хабар берди.
Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев журналистлар билан учрашувда GM Uzbekistan компанияси йиллар давомида имтиёз олганига қарамасдан, бу автомобилсозлик соҳасини ривожлантириш учун шароит яратишга ёрдам бермаганини таъкидлаган.
У компаниялар учун рақобат муҳитини яратиш мақсадида импорт бўйича божлар қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилган.
Солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш тартиби бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги Зрезидент фармони лойиҳасига кўра 1 октябрдан Ўзбекистонда енгил автомобиль ишлаб чиқаришда монопол корхона бўлган GM Uzbekistan ҳам қўшимча қиймат солиғини тўлайди.
ҚҚС бўйича, жумладан, қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспортлар, бутловчи қисмлар, автотранспорт ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган материаллар ва технологик ускуналарга нисбатан бир қатор имтиёзларни бекор қилиш режалаштирилган.
Мубин Мирзаев Андижонга ташрифи вақтида маҳаллий автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчилари билан учрашганида импорт қилинаётган эҳтиёт қисмлардан 2—3 баробар арзон турувчи маҳсулотлар мавжудлигига гувоҳ бўлган.
Бироқ унга кўра, GM Uzbekistan маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан маҳсулотларни сотиб олмаяпти. Солиқ қўмитаси мулозими автомобиль заводи ҳеч кимга ҳисоб бермаслигини айтган.
«Завод импорт қилади. Биз имтиёзлар бердик, бироқ у ички бозордан 2—3 баробар қимматга импорт қилмоқда. Эртага ҚҚСни жорий этганимиздан сўнг ҳужжат бўлади, ҳисоб-фактура бўлади. Унда барча импорт нархлари кўрсатилган бўлади. Ҳозир ҳеч қандай ҳужжат йўқ: қаердан, кимдан, қанчага? Ҳеч ким текширмайди. Чунки имтиёзлар бор. Солиқчига бу керак эмас, чунки ҳатто текширган тақдирда ҳам у: ‘Солиқларни тўламасам, бу менга нима учун керак?’, – деб жавоб беради», – дея таъкидлаган ДСҚ раҳбари ўринбосари.
Изоҳ (0)