Миллий олимпия қўмитасида спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг Токио—2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнини янада такомиллаштириш юзасидан ишлаб чиқилган «йўл харитаси» дастурининг намойиши 20 июнь, пайшанба куни ўтказилди. Бу ҳақда ташкилотнинг матбуот хизмати хабар берди.
«Токио Олимпиадасига тайёргарлик жуда ҳам қизғин кечмоқда. Биз ишлаб чиққан режа ҳар томонлама қамраб олинган. Тўғри вақтимиз жуда оз, шу боисдан, бор эътиборимиз ҳозирда Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарликка қаратилган. Қолаверса, федерацияларга янги, замонавий спорт базаларини қуриш бўйича ҳам дастлабки қадамни ташлаяпмиз. Бир неча кун ичида Тошкент вилоятидаги Ҳожикент масканида оғир атлетикачилар учун янги база қурилиши бошланади. Йил давомида велоспорт ва ўқ отиш спорти федерациялари учун ҳам замонавий шароитларга эга бўлган базаларни қуриш режага киритилган. Буларнинг барчаси спортчиларимизни Олимпиадага тайёрлашдан ташқари, аввало, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида олимпизм ғояларини илгари суриш мақсадида қилиняпти», — деди МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов.
«Йўл харитаси» доирасида спорт турлари бўйича Олимпиада йўлланмаси учун курашаётган атлетлар, уларнинг саралаш ва Токио—2020 даги асосий рақиблари индивидуал тарзда ўрганилаётгани, спорт турларига қараб терма жамоа вакилларининг овқатланиш рациони, витаминлар билан таъминлаш ва фармокологик воситалар берилиши кераклиги тушунтириб ўтилди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)