Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрда «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан 2021 йил якунигача 7 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши белгилаб берилган.

Айни пайтгача мамлакатимизнинг 22 та туман ва шаҳарларида 720 000 дан зиёд замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Йил якунига қадар 1,5 миллиондан ортиқ электр ҳисоблагичлар ўрнатилиши режалаштирилган бўлса, 2021 йил якунига бориб 7 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси ушбу тизимга тўлиқ уланиши таъминланади.

Қувонарлиси, замонавий ҳисоблагичларнинг асосий қисми маҳаллий ишлаб чиқарувчилар «Электрон ҳисоблагич» МЧЖ ва «Тошэлектроаппарат» МЧЖ томонидан етказиб берилмоқда. Бу ҳисоблагичлар аввалгиларидан 20 дан зиёд функцияларни бажара олиши билан фарқланади.

Биринчидан, истемолчилар электр таъминоти корхонаси ёки банклар эшигида узундан-узун навбатларда туришмайди. Электр ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини суратга олиб, Мажбурий ижро бюроси (МИБ)да ниманидир исботлашга мажбур бўлишмайди. «Ҳисоблагичингиз кўрсаткичини ёзиб олай», деб ҳеч ким безовта ҳам қилмайди.

Иккинчидан, ҳисоблагич ўрнатилгач, тизимга уланади, код киритилиб, ҳисоб рақам очилади. Истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар автоматик тарзда етказиб турилади. Мобил телефон рақамига уланиши тўловни уйдан чиқмай «online» режимида амалга ошириш имконини беради. Энг муҳими, «шахсий кабинет» орқали ҳар бир истеъмолчи қанча электр энергияси сарфлаганини кузатиб туриш имконига эга бўлади.

Учинчидан, янги тизимда ҳисоблагичдаги маълумотларни компьютер назорат қилади. Электр таъминоти корхонаси ходимлари уйма-уй юришга кетадиган вақтини тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилашга сарфлайди. Шунингдек, истеъмол қилинган энергия ҳақидаги маълумотларни йиғишда инсон омили таъсири камаяди.

Маълумки, электр энергиясини омборга жойлаб, захира қилиб бўлмайди. Шу боис одатда ҳар бир ҳудуд учун электр сарфи тахминий ҳисобланиб, «лимит» ажратилар эди. Янги тизимда эса барча маълумотлар аниқ кўриниб туриши боис таъминотда чеклов бўлмайди.

Ушбу «Ақлли» ҳисоблагичларнинг яна бир хусусияти шундаки, маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Шунингдек, энергия тўлови тўланмаган тақдирда масофадан ўчиш хусусиятига ҳам эга. Ушбу ҳисоблагичлар электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади.

Пластикли ҳисоблагичи борларнинг пластик картасида қолган пул маблағи янги ҳисоблагич учун очилган ҳисоб рақамга тушириб берилади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маблағлари эвазига бепул ўрнатиб берилмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳар бир истеъмолчига ўрнатилаётган замонавий ҳисоблагич учун «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан ўртача 770 000 сўм сарфланмоқда ва бу ҳар бир истеъмолчининг шунча маблағ иқтисод қилаётганини кўрсатади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида.