Ишлатилган смартфонларни олиб сотувчи Россиянинг SmartPrice сервиси учинчи тур инвестицияларни жалб қилди. Бу ҳақда Spot хабар беради.
SmartPrice — минилган автомобиллар сотуви билан шуғулланувчи CаrPrice компанияси асосчиларидан Александр Черняк ва Артём Большаков томонидан 2017 йилда ишга туширилган.
SmartPrice илгари фойдаланилган қурилмаларни алоқа воситалари салонидан сотиб олади ва сайтида уч ой кафолат билан сотади.
Александр Черняк сўзларига кўра, 2019 йил охиригача сотиб олинган телефонларнинг сони 700 мингтага етиши кўзда тутилмоқда.
«Жорий йилнинг май ойида биз зарар кўрмаслик даражасига чиқдик ва бугунги кунда SmartPrice портфель инвесторларининг маблағларига муҳтож эмас. Шунга қарамай, биз ташқи капитал орқали компаниянинг ривожланишини тезлаштиришга қарор қилдик», — дейди SmartPrice компаниясининг бош директори Владислав Овчинников.
SmartPrice раҳбарининг қайд этишича, компания Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистонда ишлашни режалаштирмоқда.
SmartPrice ишга туширилгандан буён жами 5,25 млн. АҚШ доллари жалб қилинди. SmartPrice ишга туширилгунга қадар Черняк ва Большаковлар Оскар Ҳартман ва Эдуард Гуринович билан биргаликда минилган автомобилларни онлайн ва офлайн сотиш бўйича CarPrice сервисини ривожлантирган.
Изоҳ (0)