15 июнь куни Тошкент вилоятида Spark автомашинаси ҳайдовчисига ҳужум қилиб, унга шикаст етказган фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар қилади.
Тошкент вилояти Тошкент туманида 2019 йил 15 июнь куни шу туманда яшовчилар И.Қ., А.Ш. ва Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи Ж.М.лар Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳудудидан Д.Р. бошқарувидаги Spark русумидаги автомашинасига йўловчи сифатида ўтириб, Тошкент тумани Чинор кўчасига етиб келган вақтларида Ж.М. ҳайдовчидан пул талаб қилиб, унинг юзига қўли билан уриб, пичоқ билан бўйин ва кўкрак қисмларига жароҳат етказган.
Сўнгра, 2 дона Samsung мобил телефони ҳамда 10 Россия рублини олиб, автомашинани Тошкент тумани Эъзоз маҳалласи Янгиобод кўчасида жойлашган «Чинни» ишлаб чиқариш цехи олдигача бошқариб келиб ҳайдовчи Д.Р.ни автомашинада қолдириб, ўзлари эса воқеа жойидан яширинган. Натижада Д.Р. касалхонага ётқизилган. Кўрилган чоралар натижасида Ж.М., А.Ш. ва И.Қ. ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)