24–26 май кунлари бўлиб ўтган Европа парламенти сайловида ўнг ва сўл марказ иттифоқчиларидан юз ўгириб, яшиллар, ўта ўнг ва либералларга овоз берди. Сайлов тафсилотларига «Дарё» шарҳловчиси Жаҳонгир Эргашев тўхталади.
Сайловда қатнашиш учун келганлар миқдори ёшларнинг фаоллиги ҳисобига 1994 йилдан бери энг юқори даражада бўлди.
Миллатчилар бир қатор мамлакатларда, айниқса Францияда катта муваффақиятга эришган бўлса-да, лекин марказчиликдан ўта ўнгга томон катта сакраш бўлмади.
Европа парламентида доимий кўпчиликка эга бўлган бу фракциялар 43 фоиз овоз олишга эришди, лекин Европанинг энг йирик демократик органи устидан назоратни йўқотди.
Европа парламентнинг навбатдаги чақириқ кенгаши ҳар қачонгидан ўзгача бўлиши аниқ бўлиб қолди. Сайловчиларнинг олдинги депутатларнинг ўзларига катта маошлар тайинлаб олгани, мигрантлар муаммосига жиддийроқ чора кўрмаётгани, бюджет маблағларининг сарфланиши борасида тўпланиб қолган муаммолар ўз натижасини берди.
Сайлов натижаси қуйидаги жараёнларни юзага келтирди:
1. Икки партиявийлик тизим тугади.
Ўнг марказчи Европа халқ партияси ва сўл марказчилар (социалистлар ва демократлар иттифоқи) узоқ вақт мобайнида устун бўлиб, фақат ўзаро сиёсий муҳорабада бўлди. Энди бундай вазият бўлмайди.
«Даврнинг тугаши» айниқса Германияда сезилди. Бу ерда амалдаги Ангела Меркель партияси бор-йўғи 29 фоиз овоз тўплай олди. Бельгиялик сиёсатчи Ги Верхофстадт бошчилигидаги марказчи Европа демократларлари ва либераллари уюшмаси жиддий ютуққа эришди ва 109 ўринни қўлга киритди.
2. Яшиллар тўлқини.
Экологик партия мазкур сайловда Скандинавиядан тортиб Португалиягача бўлган мамлакатларда ўз кўрсаткичларини анча яхшилаб олди.
30 ёшгача бўлган сайловчиларнинг учдан бир қисми яшиллар партиясига овоз берди. Сайлов вақтида 90 нафар влогер YouTube орқали иқлим ўзгаришига жиддий чора кўришга отланган партияларга овоз беришга чақирди. Улар ўта ўнг «Германия учун муқобил» партияси атроф муҳит масаласига эътиборсиз муносабатда эканини алоҳида таъкидлади.
Францияда экологик блок учинчи ўринни эгаллади, аммо Ле Пен ва Макрон сайлов жараёнида атроф муҳит масаласида силжиш борлигида хизматлари беқиёс эканини таъкидлади.
Макрон сайловчиларга қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш учун бор имкониятини сарфлашга ваъда берди. Ле Пен глобаллашувдан воз кечиш табиатга хизмат қилади, деб нутқ сўзлади.
Финляндияда яшиллар ҳаракати парламентда иккинчи ўринни эгаллади.
Ирландия яшиллар ҳаракати 15 фоиз овоз қўлга киритди.
3. Ўнг миллатчиларнинг берқарор муваффақияти.
Ўта ўнг кайфиятдаги гуруҳлар сайлов олдидан тўнтариш қилиб, ҳокимиятни эгаллаймиз деб дўқ-пўписага ҳам қўл урган эди. Италияда Маттео Сальвини, Францияда Марин Ле Пен ғалабага эришган бўлса-да, умумевропа манзарасида ўта ўнглар ўз мақсадига эриша олмади.
Маттео Сальвини бошчилигидаги «Лига» сайловчиларнинг 30 фоиз овозини қўлга киритди.
Ле Пен сайловда ютуққа эришиб, Францияни Евроиттифоқдан чиқишга чақириқлар сони камайди. Ле Пеннинг ғалабаси Эммануэль Макронга қарши курашаётган «сариқ нимчалилар» овозлари туфайли бир ўринни қўлга киритди.
Франция ва Германиядан бошқа мамлакатларда миллатчилар ютуқлари унчалик ҳам катта эмас.
Исломга қарши кайфиятлари билан танилган Геерт Вальдерс бошчилигидаги Нидерландия Озодлик партияси Европа парламентидаги ўринларидан маҳрум бўлди.
Буюк Британияда Найжел Фаражнинг Brexit партияси консерваторлардан овоз тортиб олиб, ғалабасини нишонламоқда. Шундай бўлса-да, Brexit’ни талаб қилаётган лейбористлар ва бошқа партиялар Фараж партиясидан кўра кўпроқ овозни қўлга киритди.
Испан миллатчилари ҳам ютқазиб, бор-ёғи 6 фоиз овоз олди.
«Германия учун муқобил» партияси ҳам камроқ овоз олди.
Сайловдан кейинги вазият қандай тус олади?
Эндиликда Европа парламентида ўзаро кураш авж олишини кутиш мумкин. Албатта, марказчилар ўз тарафдорларини кўпайтриш учун турли майда партиялар билан музокаралар олиб боради. Лекин ўта ўнг ва сўл партиялар уларга қаттиқ қаршилик кўрсатиши муқаррар. Путин сайлов натижасидан қониқиш ҳосил қилган кўринади. Агар унинг Европа парламентидаги дўстлари янада кўпроқ овоз олганида, янада хурсанд бўлиши аниқ эди. Айни пайтда вазият Россия учун унчалик ҳам ёмон эмас.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.
Изоҳ (0)