Туркиялик аёл унинг ҳомиладорлигини саратон билан адаштириб, кимётерапия тавсия қилган шифокорларни судга берди, деб хабар берди Daily Mirror.

Фото: AsiaWipe

Маълум бўлишича, 2018 йилда 35 ёшли Серпил Баганинг тухумдонларидан бирида ўсимта аниқланиб, олиб ташланган. Уч ойдан сўнг унда ҳомиладорлик даврида ишлаб чиқариладиган, шу билан бирга бачадон саратонидан ҳам дарак бериши мумкин бўлган сурункали гонадотропин гормони миқдори ошиб кетган.

Шифокорлар буни саратон ҳужайларининг тарқалиши белгиси деб топиб, аёлга кимётерапия тавсия қилган. Аёлнинг бачадонлари текширувдан ўтказилганда, унда 12 ва 19 сантиметрли ўсимталар борлиги аниқланган. Шифокорлар уни олиб ташлашни режалаштирган, бироқ операциядан бир неча кун аввал аёлда бола тушиши содир бўлган.

Аниқланишича, шифокорлар аёлдаги эгизак ҳомилани саратон ўсимтаси деб ўйлаган. Бола тушишига эса кимётерапия сабаб бўлган.

Бага ва унинг турмуш ўртоғи шифокорлар масъулиятсизликка йўл қўйган деб ҳисоблаб, уларнинг жазоланишига эришмоқчи.