2019 йилнинг 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Грузиянинг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Зураб Абдушелишвилини қабул қилди, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълумот беради.
Ишонч ёрлиқлари нусхасини олар экан Вазир Элчини фаолияти бошлангани билан табриклади ва муваффақият тилади.
Мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги Ўзбекистон-Грузия муносабатларининг ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.
Турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан икки томонлама савдони ошириш ҳамда етказиб бериладиган товар ва хизматлар номенклатурасини кенгайтириш ҳисобидан алоқаларни муштаҳкамлашга икки томон ҳам қизиқиш билдирди.
2019 йил 16 июлдан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан Тошкент-Тбилиси-Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга ва туризм соҳасидаги самарали ҳамкорликни ривожлантиришга имкон бериши таъкидланди.
Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)