3 май куни «Дарё» интернет-нашрида «Фарғонадаги «Обод қишлоқ» дастурига киритилган маҳалла аҳолиси нега қўлбола симёғочлардан фойдаланмоқда?» номли танқидий мақола эълон қилинган эди. Унда Фарғона вилояти Риштон тумани Хуррамобод қишлоғи «Наврўз» маҳалласи аҳолиси айни пайтда хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола симёғочлар ва оддий симлар ёрдамида электр энергиясидан фойдаланиб келаётгани, шунингдек, ичимлик суви ҳамда ички йўлларнинг ҳолати билан боғлиқ муаммолар мутасаддилар эътиборига ҳавола этилганди.
Мақолада кўтарилган муаммога «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан тезкорлик билан муносабат билдирилди.
Маълум бўлишича, 3 май куни ҳудудий электр тармоқлари корхонаси мутахассислари томонидан «Хуррамобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги симёғочлар ва нимстанцияларнинг жорий ҳолати ўрганиб чиқилган. МФЙ ҳудудига 29-сонли қуввати 160 кВа бўлган янги трансформатор пункти ўрнатилди.
8 км узунликдаги паст ва юқори кучланишли электр тармоғи тортилди. Электр таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида «Калобод» маҳалласидаги 32-сонли 100 кВа қувватли трансформатор пункти бошқа жойга кўчирилди. Янги тортилган ҳаво узатмасидан бўшаган 25 дона симёғоч «Наврўз» маҳалласи ҳудудига ўрнатилди.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, «Хуррамобод» МФЙ ҳудудидаги электр таъминоти билан боғлиқ барча муаммолар мутахассислар томонидан тезкорлик билан ҳал этилмоқда.
Изоҳ (0)