«Дарё» колумнисти Абдулазизхон Акрамов навбатдаги мақоласида фильмларга ўзгача ёндашишга ҳаракат қилиб кўради.
Фильмларни ёшликда ва улғайганда бошқача қабул қиларкансан. Болаликда кино бир эрмак бўлса, улғайганда ундан чуқурроқ маъно қидира бошларкансан. Шундан келиб чиқиб, ўзим яхши кўрадиган бир-икки кино ҳақида баъзи фикрларимни ўртоқлашсам.
«Зорро»
Бу кинони илгари кўрсам, бошқача руҳланиб кетардим. Янги версияда ҳам Антонио Бандерас Зорро ролини ажойиб ижро этади. Илгари бу кинони кўрсам, фақат унинг қиличбозлиги-ю чаққонлиги, от миниши, рақслари ва ҳеч нарсадан тап тортмаслиги ёқарди. Энди бу кинони кўрсам фақат бир нарса хаёлимга келади. Эзилган халқ доимо шундай қаҳрамонлар билан ўз дарди, орзу-армонлари ушалишини кўради. Унинг қиёфаси ва имкониятлари орқали ўзида йўқ жасоратларни унда топади. Уни олқишлайди, эъзозлайди,севади. Муттасил ва кетма-кет ноҳақликлари, ҳуқуқлари поймол бўлаётган халқ ҳаттоки жиноятчи қиёфасидаги қаҳрамонни севади. Гарчи бош қаҳрамонни қасос алангаси илҳомлантирса-да, ўша даврдаги америкалик амалдорлари, бировнинг меҳнати эвазига инсофсизларча бойиётган ва халқни қул қилиб ишлатаётганларга қарши курашиши у халқ орасида нажоткор сифатида танилишига сабабчи бўлади. Ниқоб кийиб олган эпчил қиличбоз ҳар хил афсонавий хусусиятга эга сунъий қаҳрамонларга ўхшамайди. У ҳам оддий одам — севади, азоб чекади, йиғлайди. Шу туфайли халққа яқинроқ туради.
Энди бу кинони кўрсам аста-секин ўзим ва яқин атрофимдагилар қарши кураша олмаётган коррупция, халқни эзадиган ҳар турли ўлпон, қарорлар, монополия ва бошқалар нарсаларга қарши шундай бир қаҳрамон бўлишини орзу қила бошладим. Аммо у кинодаги қаҳрамон бўлиб қолаверади.
«Темир хотин»
Авваллари уни комедия жанрида олинган кино деб ўйлар эдим. Аммо улғайгач, тушундимки бу трагикомедия экан. Ўзбек кинематографи камдан-кам яхши кино яратади, айниқса ҳозир. Менимча, бу кинонинг асосий ютуғи унинг кучли асарга таяниб ёзилган сценарийсидир. Шароф Бошбековнинг шу номли песаси асосида ёзилган сценарий ўзбекона соддалик билан бирга ажойиб бир фалсафани илгари суради. Бош қаҳрамон — тракторчи Қўчқор. Аксарият ўзбекнинг типик характери бор эркак. Содда, бироз довдирроқ. Аммо ҳукуматни қаттиқ ҳурмат қиладиган, пахта учун умрини сарф қилишдан тоймайдиган қаҳрамон. Аломатхон — профессор Олим томонидан яратилган синов роботи. У инсон бўлишга тиришади. Қўчқор эса ундан тинмай инсонликни талаб қилади.
Асар фалсафасини мен қуйидагича уққанман. Мана шундай оғир даврда, тинимсиз меҳнат, адолатсизлик, хўрликка ҳатто темир робот ҳам чидай олмайди. Яна бу ерда ўзбекнинг пахтага боғлиқ аччиқ фожиаси ҳам жуда чиройли очиб берилган. Кинодаги кулминацион нуқта — Қўчқорнинг йиғлаши. Биз ҳам Қўчқорга ўхшаб ичимизга жуда кўп нарсаларни ютамиз. Биз ҳам йиғлолмаймиз, фақат заҳарханда бор. Ўзбеклик деган ўлчам наҳотки айнан ювошлик, ҳар нарсага кўниш ва соддалик билан ифода этилса? Ҳали Ўзбекистонда Қўчқорлар жуда кўп.
«Замонлар оша»
Француз киноижодкорлари томонидан ишланган комедия жуда ажойиб чиққан. Қайта-қайта кўрса ҳам зерикмайди одам. Бош ролни Жан Рено ўйнаган. Юқоридаги кинолардан фарқли ўлароқ, бунда унчалик чуқур фалсафа йўқ. Фақат қаҳрамонларнинг сеҳр ёрдамида турли даврларга тушиб қолиши туфайли кулгили ҳолатга тушиб қолиши тасвирланган.
Мен бу кинони кўра туриб кўпинча бир нарсани ўйлайман. Шундай сеҳргарлар бўлганда ва менда ҳам замондан замонга ўтиш имконияти бўлса, қайси замонга ўтиб яшашни истар эдим?
Қачон халқим ўзига тўқ, озод, қонунлар амалда ва фаровон яшаган? Амир Темур давридами? Бир-бирига қарши тиш қайраган хонликлар давридами? Ёки бизни истило қилган Россия давридами? Ёки мустақилликнинг 25 йиллик илк давридами? Ўйланиб қоламан. Менимча, сеҳргар бўлса ҳам, қайси даврга ўтишни билмай қолар эдим. Ўзбек қачон фаровон ва бахтли яшаган даврни билсангиз, балки менга маслаҳат берарсиз?
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)