Сўнгги вақтларда турли ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда аҳоли ўртасида менингит касаллиги ҳақида тарқалган хабарлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жойлардаги вазият юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Аниқланишича, 21 ёшли фуқаро менингит хасталигидан вафот этган. Сабаби эса тиббий ёрдамга кеч мурожаат этганлиги билан боғлиқ. Бу касаллик мавсумий бўлиб, республикада учраб туради ва ҳар йили 5 тадан 10 тагача қайд этилиши мумкин.
Жорий йилнинг ўтган даврида ҳаммаси бўлиб, 17 нафар фуқаро ушбу касалликда гумон қилинган. Уларнинг 6 нафарида лаборатория текшируви орқали касаллик тасдиқланган. Айни пайтда ўткир респиратор касалликлар яъни, фарингит, назофарингит каби хасталикларга чалинган фуқаролар орасида касалликни эрта аниқлаш бўйича тиббиёт ходимларининг хушёрлиги оширилган. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли ушбу ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тўлиқ назорати остида. Энг муҳими, менингит аҳоли ўртасида кенг тарқалмаган, эпидемик вазият барқарор. Аслида ушбу хасталикнинг эрта баҳор мавсумида учраб туриши табиий жараён бўлиб, шу кунларда аксарият Европа ва қўшни бўлган давлатларда бир неча юзлаб одамларда ушбу касаллик қайд этилмоқда.
– Маълумки, кўпгина касалликлар қиш фасли тугаб, баҳор мавсуми кириб келиши билан авж олади. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги касалликларнинг мавсумий кўтарилиш даври эканлигини ҳисобга олган ҳолда, аҳолидан ўз соғлиғига эътиборли бўлишларини, менингит ва шу каби касалликлар белгилари, яъни, тана ҳароратининг кўтарилиши, кучли бош оғриғи, қайт қилиш, томоқда ачишиш сингари клиник белгилар кузатилган ҳолатларда дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат этишларини сўраб қолади, – дейди вазирлик бош эпидемиологи, Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори Нурмат Атабеков. – Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, менингит хавфли касаллик эмас. Агар у илк босқичларда аниқланса, ушбу хасталикдан осон фориғ бўлинади. Шунинг учун аҳолининг бундан хавотирга тушишига хожат йўқ.
Вазирлик менингит хасталиги кузатилганда, биринчи навбатда, қандай чоралар кўрилиши кераклиги ҳақида маълумот берди.
– Менингитнинг клиник белгилари кузатилганда, аввало, тезкорлик билан шифокорга мурожаат қилиши зарур. Асло ўзича даволанишга ҳаракат қилмаслиги, ўтиб кетар дея бефарқ бўлмаслиги лозим, – дейди Соғлиқни сақлаш бош инфексионисти, Республика вирусология илмий-текшириш инситутити директори Эркин Мусабоев. – Шифокор профилактика мақсадида тавсия этган антибактериал дори воситаларини белгиланган миқдорда ва ўз вақтида истеъмол қилишга қатъий риоя этиши талаб қилинади. Имкон қадар стационар шароитда даволаниш тавсия этилади. Ёки бўлмаса, беморни шифокор тавсияси билан алоҳида хонага ўтказиш, ишга, мактабга, умуман олганда, жамоат жойларига бормаслиги, жамоат транспортидан фойдаланмаслиги керак. Бу чоралар касалликнинг соғлом одамга юқушининг олдини олишда жуда муҳим. Чунки, менингит бир одамдан бошқа одам юққани сари кучайиб боради. Шу боис имкон қадар юқуш эҳтимоли бўлган ҳар бир ҳолатнинг олдини олишга ҳаракат қилишимиз талаб этилади. Яна бир муҳим жиҳат, яшаш жойларнинг ҳавосини мунтазам алмаштириш, хонани тез-тез артиб-тозалаш минингит касаллигининг олдини олишда жуда муҳим ўрин тутади.
Изоҳ (0)