Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов Доғистоннинг Тисси-Ахитли қишлоғида содир бўлган ёнғиндан сўнг аҳолига моддий ёрдам кўрсатган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга ўзининг Instagram’даги саҳифаси орқали миннатдорчилик изҳор қилди.
Нурмагомедовнинг айтишича, Қодиров Доғистонга биринчи марта ёрдам бераётгани йўқ.
«Аллоҳ умрингизни узоқ қилсин ва ҳар бир ишингизда омад тилайман», — дейди у Чеченистон раҳбарига.Спортчи Доғистон ва Чеченистон халқлари ўртасидаги қариндошлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун ҳар ким нимадир қилиши керак деган фикрни билдирди.
Тисси-Ахитли қишлоғидаги ёнғин 1 март куни кечқурун содир бўлганди. Натижада 11 та уй бутунлигича ёниб кул бўлди. 6 таси эса қисман зарар кўрди. У ерда 64 нафар киши яшаган. Жароҳат олганлар, вафот этганлар йўқ.
Қодиров Нурмагомедовнинг мухлиси ҳисобланади. Ўтган йилнинг октябрь ойида Ҳабиб Конор Макгрегорни мағлуб этган эди. Шундан сўнг Рамзан Қодиров унинг отасига Mercedes автомашинасини совға қилди. Ирландиялик билан бўлиб ўтган жанжал юзасидан чиқарилган қарорни эса «бутун Кавказни хўрлаш» деб ҳисоблаган.
Нурмагомедов енгил вазн тоифасида UFC чемпиони ҳисобланади. 2018 йилнинг октябрь ойида Макгрегорни мағлуб этгандан сўнг, унинг секунданти билан жанжаллашганди. Натижада россиялик жангчи 9 ойга жанглардан дисквалификация қилинди ва 500 минг доллар миқдорида жаримага тортилди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)