2019 йил январь ойида экспорт ҳажми 1 675 729,9 минг долларга (ўсиш суръати 16,6 фоиз) тенг бўлди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб, Spot хабар бермоқда.
Экспорт таркибида товарлар 88,0 фоиз улушга эга бўлиб, булар асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (14,8 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари (3,6 фоиз), шунингдек, қора ва рангли металлар (5,3 фоиз) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
2019 йилнинг январь ойида экспорт қилинган товарлар ва хизматлар таркибининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, товарлар ва хизматлар таркибида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли ўзгаришлар қайд этилмаган, лекин 2019 йилнинг январь ойида амалга оширилган экспортнинг умумий ҳажмида айрим турдаги товар ва хизматларда ўсиш суръатлари қайд этилди.
2019 йилнинг январь ойи мобайнида экспорт қилинган товарлар ҳажми, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 228,9 миллион долларга кўп экспорт қилинди ва 1474,4 миллион долларни ташкил этди. Хизматлар экспорти эса 201,3 миллион долларга етган.
Экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса умумий экспорт ҳажмининг 31,8 фоизини ташкил қилади.
2019 йил яна фаол олтин сотуви билан бошланди
Январь ойида Ўзбекистон 1,6 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилган бўлса, бундан 812 миллион доллар олтин ҳиссасига тўғри келди. Ўтган йилда ҳам шундай ҳолат кузатилганди, январь ойида мамлакат 1,4 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилган, бироқ ўшанда олтин янада кўпроқ экспорт қилинган (846 миллион долларлик).
Олтин ҳажмини ҳисобга олмаган ҳолда, жами товар ва хизматлар экспорти 863,6 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 46,1 фоизга ўсди.
Изоҳ (0)