Олимлар меъда ости бези ҳужайралари пластиклиги ва организмга заруриятларига қараб ўзгариши мумкинлигини исботлади. Мисол учун, инсулин ишлаб чиқариш, гарчи аввал бундай қилинмаган бўлса ҳам. Сичқонлардаги диабет шу усулда даволанди.
Ҳозирги кунгача одам организмидаги ҳужайралар олдиндан унга бириктирилган функцияни бажаради деб ҳисобланарди. Европалик ва америкалик олимлар бундай фикрда эмас ва улар ўз қарашларини исботлади. Бу ҳақида Берген университети сайтида хабар берилди. Бу эса кўплаб олимларнинг аввалги қарашларини рад этади.
Олимлар меъда ости безининг алфа, бета ва дельта ҳужайраларига диққат қаратди. Авваллари фақат бета- ҳужайралари инсулин синтез қилишга қодир саналарди. PDX1 ва MAFA транскрипция факторлари ёрдамида олимлар бошқа ҳужайраларни ҳам бунга «ўргатди». Янги усул соғлом ва диабет билан оғриган донорларнинг ҳужайраларида ўз самарадорлигини кўрсатди.
Сичқонларга бу ҳужайралар кўчириб ўтказилгандан сўнг улардаги диабетни даволашга муваффақ бўлинди. Бундан ташқари, ҳужайралар бу хусусиятни 6 ойдан сўнг ҳам сақлаб қолди. Лекин улар қайта олиб ташланганидан сўнг касаллик ўз ўрнига қайтди.
«Бу шуни англатадики, даво учун беморнинг ўз ҳужайраларидан фойдаланади. Биз эндиликда иммун тизими ҳужумидан хавотир олмасак ҳам бўлади», — дейди Ҳальга Редер.
Редернинг фикрича, инсон танаси ҳужайраларинг пластиклиги фақатгина меъда ости ҳужайралари билан чекланиб қолмайди. Бу хусусият бошқа тўқималарда ҳам мавжуд.
Ҳужайралар ўлими билан боғлиқ нейродегенератив, онологик ва юрак-қон томир тизими касалликларида бу усулни қўллаш учун янги тадқиқотлар керак бўлади. Лекин бу кашфиёт юқоридаги касалликларни даволашда янги имкониятлар эшигини очиб беради.
Яқинда Нидерландияда илк бор нерв тўқимаси регенерацияси ген терапияси ёрдамида амалга оширилган эди. Британиялик олимлар эса қандли диабетга қарши дорилар самарадорлигини аниқлайдиган тест тизимини тақдим этди.
Изоҳ (0)