«ЎзА»да Тошкентнинг Беруний метро бекати атрофида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари ҳақида мақола чоп этилди. Қуйида ушбу мақола тўлиғича берилди.
Бугун Беруний метро бекатининг қуёш чиқиш тарафидан тепага кўтарилсангиз, сизни ажиб бир бунёдкорлик ишлари қарши олади. Ўнг қўл томонда Абу Райҳон Беруний ҳайкали ўрнатилиб, атрофида сўнгги ҳаракатлар амалга оширилмоқда: зарҳал безаклар, қадим мозийни ёдга солувчи замонавий устунлар ўрнатилмоқда.
Улуғвор чинорлар билан бирга равон йўл сизни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети томон етаклайди. Йўл-йўлакай қишда ҳам баҳорни ёдга солувчи майдонлар, кўнгилга кўкламни келтирувчи гуллар, кишига эстетик кўтаринкилик бахш этувчи бунёдкорлик ишларига рўбарў бўласиз.
Ҳар қадамда Беруний бобомизнинг фан бобида қилган амалларидек мукаммал ва фалсафий шакллар ўрнатилган алоҳида майдончалар олдидан ўтаётганингизда бир зум тўхтаб, тикилиб қоласиз. Гўёки ўзингизни фан боғига кириб қолгандек ҳис этасиз.
Мана шундай илиқ, ёруғ кайфият билан илм даргоҳига кириб борасиз...
Қурувчиларнинг маълумот беришича, ўрнатилган Беруний ҳайкали Тошкент давлат техника университети ёнидан кўчирилиб, барпо этилаётган сайлгоҳнинг кираверишдаги ўнг қўл томонига ўрнатилиши маъқул кўрилган. Сайлгоҳга эса Беруний номи берилиши кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)