Шу кунларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги мактабларга немис мутафаккирларининг номи берилиши, ўзбек–немис ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлида қилинаётган ишлар ҳамманинг диққат марказида. Шу фурсатдан фойдаланиб, бир немис тили фани ўқитувчиси сифатида жойларда немис тилига эътибор қандай, немис тили бизнинг давлатимизда муносиб баҳоланяптими , келгусида бу тилнинг тақдири нима бўлади каби саволларни кўтармоқчимиз.
Немис тили ҳақида янада кўпроқ маълумотлар келтириб ўтирмайман; жаҳондаги ўрни ҳақида ҳам тўхталиб, истиғфор айтиб ўтирмайман. Оддий ўқитувчи сифатида сизга умуман бошқа савол бермоқчиман. Айрим давлатларда киборлар тили ҳисобланмиш немис тили нега бизда инқироз даражасига келиб қолди? Бунга ким айбдор? Кимни жазолаш керагу, кимни мукофотлаш керак? Аравани қуруқ олиб қочиш учун ҳам араванинг ўзи бўлиши керак, наздимда.
Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, немис ва француз тиллари инглиз тили олдида кескин ўз мавқеини йўқотди. Бунда ота-оналар истак-хоҳишлари ниқоби остида ўз ўрнини аянчли тарзда бўшатиб беряпти.
Қачондан бери кимсан Навоий, Беруний, Форобий авлодлари ҳисобланмиш ўзбек миллатига ўрганиш имкониятига эга бу тиллар ортиқча бўлиб қолди? Боболаримиз илм йўлида юрт кезиб, мусофирликнинг зарворли юкини ҳам бемалол бўйнига олганку.
«Балиқ бошидан сасийди, аммо охиридан тозалайдилар» деган мақол бор халқимизда. Янги сайланган вазир Шерзод Шерматов ҳам ҳаракат қиляптики, нима бўлса ҳам сифатли таълимга эга бўлайлик, нима қилсак, педагогга қулай шароит яратилсин. Шу фурсатда нотўғри тарғиблардан, тушунчалардан тозаланиш пайти келмадимикан?
«Тозаланиш» сўзи бироз қулоққа қаттиқ эшитилиши мумкин. Тушунтираман, мамлакатимиз мактаблари бир неча йилдан буён немис ва француз тилларидан «тозаланмоқда». Ҳеч қандай сабабсиз, ҳеч қандай важсиз, ич-ичидан шундай иш бормоқда-ки, натижада ўқувчилар фақат инглиз тили билан чекланмоқда, ваҳоланки, инсон бир неча тилни бир вақтда ўрганишга эҳтиёжи ва имкони бор.
Сўнгги 5–6 йилдаги немис ва француз тили ўқитувчиларининг қаршиликларга қарамай, матонат билан олиб бораётган фаолиятларига эса таъзим қиламан. Бу тўсқинликларга айрим мисоллар келтираман-ки, бу каби қийинчиликларга чидаб ишлаб келаётган немис ва француз тили ўқитувчиларининг сабрига қойил қолмасдан иложингиз йўқ:
- инглиз тили кадри етишмаган ҳолда ҳам немис тили дарс соатларининг ажратилмаслиги;
- ҳеч қандай асоссиз қайта тайёрлов курсларидан ўтишимиз лозимлиги, бизнинг фойдамизга раҳбариятнинг шундай огоҳлантиришлари амалиётга жорий этилиши;
- аксарият немис ва француз тиллари ўқитувчилари инглиз тили ўқитувчиларидан ҳеч бири боришни истамаган узоқ қишлоқ жойларда иш билан таъминланиши;
- малака ошириш институтларида хориж фани сифатида фақат инглиз тилининг ўқитилиши, тингловчиларнинг қайси тилни билиши инобатга олинмаслиги;
- ҳудудларда немис тили дарс соатлари мавжуд мактабларда дарсликларга бефарқ муносабат туфайли инглиз тилида буюртма берилиши, оқибатда ўқув материалларининг етишмаслиги, немис қўлланмаларига буюртманинг кескин камайиб кетганлиги.
Немис тилининг ўқитилиши раҳбар ходимларнинг шахсий истакларига айланиб қолмоқда: «иш керак бўлса, тўрт ойлик қайта тайёрловдан ўтиб, инглиз тили ўрган», дейди, тамом.
Лекин ҳеч қаерда ёзилмаган бу тўсиқларга қарамай, немис тилини танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман, афсусланмайман ҳам. Шу кеча-кундузда немислар оламида яшаяпмиз, ажойиб телесаёҳатларни бошимиздан кечиряпмиз, ийманиб, «немис тили ўқитувчисиман» дейишимиз поёнига етганга ўхшайди. Ишонаманки, немис тилини яқин орада барча ўқувчилар фахр билан ўқиб ўрганади, мактаб директорлари немис тили ўқитувчиларини ўз мактабларига илтимос қилиб таклиф қилади.
Саттарова Марҳабо, Нурота шаҳри, 54-мактаб ўқитувчиси
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.
Изоҳ (0)