Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 майдаги ПҚ-3741-сонли қарорига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби ўрнатилди ва кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шунга асосан Давлат солиқ қўмитасининг қарорига мувофиқ, «Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби» ишлаб чиқилди.
Ушбу тартибга асосан кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйишнинг содда тизими яратилди.
Эндиликда ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида икки томонлама шартнома тузилиши ва у давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилиши лозим.
Шартномани ҳисобга қўйиш учун давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳеч қандай ҳақ олинмайди.
Ҳисобга қўйиш иккита усулда амалга оширилади.
- Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz электрон солиқ хизматлари порталидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетига жойлаштирилган «Ижара шартномаларини ҳисобга олиш»интерактив хизмати орқали ёки давлат солиқ хизмати органларига бормаган ҳолда;
- Жисмоний шахснинг доимий яшаш, юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтган жойидаги давлат солиқ инспекциясига ташриф буюрган ҳолда.
Бунинг учун ижарага берувчида электрон рақамли имзо (ERI) мавжуд бўлиши ҳамда ушбу хизматдан фойдаланган ҳолда ҳисобга қўйиш бўйича сўровномани тўлдириб, унга ўзининг паспорти нусхаси ҳамда ижара шартномасининг электрон (сканер қилинган) шаклини бириктириб «Жўнатиш» тугмасини босиш кифоя.
Яъни, шартномани давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш учун атиги 2 та ҳужжат талаб қилинади холос.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки,«Ижара шартномаларини ҳисобга олиш» интерактив хизматига электрон рақамли имзо орқали кирилганлиги учун сўровноманинг ижарага берувчига тегишли бандлари автоматик тарзда тўлдирилади.
Ижара шартномаси ҳисобга қўйилгандан кейин ижарага берувчига шартнома ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида билдиришнома ва жорий йил учун ҳисобланган даромад солиғини тўлаш бўйича тўлов хабарномаси тақдим этилади.
Натижада кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича дастлабки декларацияни тақдим этиш талаб этилмайди.
Ушбу хизматдан фойдаланишда қандайдир саволлар пайдо бўлса, хизматнинг ўнг томон тепа қисмида жойлашган телефон рақамлари орқали давлат солиқ инспекциясининг ёки давлат солиқ бошқармаси ва Давлат солиқ қўмитасининг мутахассисларига қўнғироқ қилиб, батафсил тушунтиришлар олиш мумкин.
Изоҳ (0)