Одамзот коинотни забт этиб, бошқа сайёралар ёки табиий йўлдошларда колониялар яратишга ҳаракат қиляпти. Лекин у колонияларга Ердан керакли миқдорда металл олиб бориб бўлмайди. Бу масалани қандай ҳал қилиши мумкинлиги ҳақида муҳандис Музаффар Қосимов фикр юритади.
Одам пойқадами Ойга етиб борганига ярим асрча бўлиб қолди. Биз аллақачон Халқаро космик станция барпо этдик ва у жойда, яъни Ердан ташқарида одамлар яшаб, ишлашмоқда. Йирик корпорацияларда эса, Марсга ва ҳатто Венерага учиш лойиҳалари пишиб етилмоқда. Лекин космик кемаларимиз жамики коинотни кезиб юрган бир пайтда, муҳандислар ўта муҳим бир нарсани сал эътибордан четда қолдирган: коинотни ўзлаштиришда ўша Марс ёки айтайлик Титанда (Сатурн йўлдоши, унда ҳаёт бўлиши мумкин) колония қуришда бизга кўплаб минг тонна металл керак бўлади. Керакли миқдордаги металлни эса у ёққа Ердан ташиб бориш анча қиммат ва қийин вазифа бўлади. Бу ва бунга ёндош бошқа вазифаларни ҳал қилишда эса коинотнинг ўзидаги тайёр металл конларидан – астероидлардан фойдаланиш мумкин!
Аслида коинотни ўзлаштиришни аввало ўша металларга бой астероидлардан бошлаш керак: Марсни ва Титанни ўзлаштириш сингари фавқулодда хаёлпараст режалар хаёл ўлароқ қолиб кетган тақдирда ҳам, астероидлардан олинган металларни Ернинг ўзига олиб келиб, турли мақсадларда ишлатиш мумкин бўлади. Айниқса Ер шароитида камёб металларни осмондан олиб тушиш жуда катта наф келтириши мумкин.
Масалан, хонадонлардаги электр ўтказгич симлари одатда мис ёки алюминийдан тайёрланади. Лекин ушбу металлар, масалан, кумуш, олтин ва платинага қараганда анча паст самарадорликка эга ўтказгичлардир. Лекин, шунга қарамай, мазкур металларнинг табиатда анча камёблиги ва жуда қимматлиги боис, сифати паст ўтказгич бўлса-да, биз алюминий ёки мисдан фойдаланишга мажбурмиз. Астероидлар эса том маънода осмонда учиб юрган тайёр кон дейиш мумкин. Астероидларда кремний, платина, мис, тилла, кумуш, қалай, хуллас, Менделеев даврий жадвалидаги бошқа кўплаб металларни топиш мумкин.
Масалан, кумуш электр токини энг яхши ўтказгич бўлиб, у токни энг паст қаршилик билан ўтказади. Бу дегани, энергия йўқотишларини энг минимал даража билан истеъмолчига етказса бўлади. Лекин кумушдан тайёрланган симнинг қиймати мис симникидан 9 баробар, алюминий симдан 13 баробар қиммат бўлади. Шунингдек, ўтказгич симни тилладан ҳам қилса бўлади. Унинг нархи қанча бўлишини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.
Кумуш ва тилладан тайёрланган ўтказгич симлардан маиший мақсадларда фойдаланиш фавқулодда қимматга тушиши сабабли бундай симлардан фақат фавқулодда муҳим объектларда электр энергиясини узатиш учун ишлатилади. Хусусан, ўша Халқаро космик станциядаги ускуна ва аппаратларда шундай симлар қўлланади. Чунки очиқ коинот шароитида энергияни имкон борича тежаш ва энг самарали усул билан узатиш шарт.
Боз устига, металлар ўтказгичлик хоссасидан ташқари, яна бошқа кўплаб жиҳатлари билан инсониятга наф келтиради. Масалан, улар иссиқликни яхши ўтказади ва радиациядан яхши ҳимоялайди. Бу эса, айтайлик, яна ўша Марсни ўзлаштиришга борга илк одамларга қўл келади. Қолаверса, бизга Ер шароитида етишмаётган ва синтез қилиниши ўта қимматга тушаётган ноёб металлар, масалан, калифорний, плутоний, уран ва ҳоказоларни ҳам астероидлар бериши мумкин. Ушбу металлар бизга арзон энергия ишлаб чиқаришда жуда қўл келган бўлур эди.
Ушбу расмда 2001 UW158 астероиди кўрсатилган.
У тахминан 300 мз ҳажмга эга. Мазкур астероид 2015 йилда Ерга энг кичик масофагача яқинлашиб келган. Таҳлилларга кўра, унинг турган-битгани бойлик. Яъни мазкур астероид платинадан ташкил топган. Уни бир бўлак улкан платина қояси дейиш ҳам мумкин. Ундаги платина миқдори Ердаги барча конлардаги умумий платина захирасидан 2,3 баробар кўпроқдир.
Платинанинг нодир ва қиммат эканини яхши биласиз. У саноат учун катализаторлар ишлаб чиқаришдан тортиб, тиш пломбалари тайёрлашгача бўлган жуда катта қамровда қўлланилади. Келажакда Ерда платина етишмаслиги бошланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас; ана ўшанда шу ва шу сингари астероидлардан «қазиб» олинган платина ерликларга ёрдамга келиши мумкин. Ғарбдаги бир неча инновацион компаниялар, хусусан, Planetary Resources, Deep Space Industries сингарилар ушбу астероиддан платина «қазиб олиш» ва ерга етказиш борасида том маънодаги «астрономик режалар» тузмоқда.
Қуйидаги суратда эса 16 Психея астероиди тасвирланган.
У ҳам том маънодаги қимматбаҳо тошдир. 180 километр диаметрга эга ушбу улкан харсанг ичида темир, никел, кумуш, олтин ва платина захираларининг ҳозирги истеъмол даражаси бўйича ерликлар учун минг йилга етадиган уюми мавжуд! Ушбу астероид қаъридаги қимматбаҳо металларнинг умумий қиймати 10 квдариллион доллар деб баҳоланган. Бу қиймат ҳозирги жаҳон иқтисодиётнинг умумий қийматидан деярли 200 баробар катта қийматдир.
NASA 2022 йилда мазкур қимматбаҳо астероидга зонд жўнатмоқчи. Режага кўра, ўша зонд 16 Психеяга 2026 йилда етиб боради. Зонд астероидни батафсил ўрганади ва ундаги металларни қазиб олиш имкониятларини баҳолайди.
Ушбу режалар қанчалик ҳақиқатга яқин?
Айтиш мумкинки, астероидлардан металл қазиб олиш режаси Марсга ёки Титанга одам учириш режасидан кўра реалликка яқинроқдир. Чунки бунда одам ҳаётини хатарга қўйиш шарт эмас ва махсус ускуналар ва роботлар воситасида астероидлардаги металлга эга чиқиш мумкин. Икки йил аввал Ердан учган «Розетта» аппарати Чурюмов-Герасименко кометасига енгил қўнишга муваффақ бўлган эди. Бунинг учун 13 йил керак бўлган ва одамзот коинотда катта тезлик билан учиб кетаётган кичик жисмга зонд қўндиришни уддалаган. Бу эса астероидларга қўнишни ҳам бемалол уддалай олишимизни билдиради. Астероидларга ҳам зонд йўллаш ва ўша жойларда тадқиқотлар олиб бориш учун мўлжалланган астрономик лойиҳалар кўплаб давлатларда ва ҳатто хусусий компанияларда ҳам аллақачон мавжуд. Масалан, Роскосмос ва NASA’нинг ўзида астероидларга учиш учун яқин 10 йиллик учун мўлжалланган учта лойиҳа бор. Шундай экан, эндиликда космик кемаларимиз бутун коинотни шунчаки кезиб юрмай, бизга самодан металл ҳам етказиб бериб турадиган замон яқин. Ишонаверинг.
Изоҳ (0)