Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё» мухбири Миролим Исажонов Андижон вилоятидаги ўнлаб газ қуйиш шохобчаларида бўлиб, у ерлардаги вазият билан яқиндан танишди ва ҳайдовчи юртдошларимиз билан суҳбатда бўлди.

Барчамизга маълумки, салкам бир ой мобайнида водий вилоятларида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидаги турнақатор навбатлар оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлди. Бу ҳолат аҳолининг ҳам кескин норозиликларини пайдо қилиб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида баҳс-мунозараларни юзага келтирди. Декабрь ойининг охирги лаҳзаларида «Ўзтрансгаз» АЖ раиси Баҳодир Эшмуратовнинг 2019 йилдан бошлаб Андижон, Фарғона ва Наманган вилояти истеъмолчиларини бир маромда ва юқори босимда табиий газ билан таъминлаш жараёни бошланиши тўғрисидаги хабари эса водийликларни беҳад қувонтириб юборди. Айни пайтда учала ҳудуд фуқаролари билан суҳбатлашсангиз, табиий газ босими сезиларли даражада кўтарилганини мамнуният ила таъкидлаши шубҳасиз. Кечадан бошлаб газ «заправка»ларида ҳам босимнинг кўтарилгани, узундан-узун навбатларга барҳам берилгани ҳамда уларнинг узлуксиз фаолият юритаётгани кишини янада шодлантиради. Аммо метан газ босими билан бирга унинг нархини ҳам 300—400 сўмга оширилгани ҳар бир автоулов эгасининг ғазабини чиқариб, янада ҳайратга солмоқда. Бу эса йўл кира ҳақининг ҳам ошишига бевосита таъсир кўрсатиб, яна оддий халқнинг чўнтаги зиён кўрмоқда.

Биз Андижон вилоятидаги бир қанча газ «заправка»ларида бўлиб, метан газнинг нархи қандай омиллар туфайли юқорилаганига жавоб топишга ҳаракат қилдик. Шунингдек, ҳайдовчиларнинг ҳам фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутдик.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Биринчи манзилимиз Андижон шаҳрида жойлашган «гулчили» номи билан машҳур «заправка» бўлди. Шохобча ҳисобчиси (исмини айтишни истамади) мулоқотимиз давомида, бу ерда газ жорий йилнинг 1 январидан ҚҚС сабабли 2200 сўмдан сотилаётганини таъкидлади. Мазкур газ «заправка»сидан Damas автомашинасига ёнилғи қуйиб чиқаётган Шерзод исмли киракашни суҳбатга чорладик.

«Газ нархи охирги марта ноябрь ойида кўтарилганди. Аммо ўшанда ҳам 200 сўмга ошганди. Бу сафар 1900 сўмдан 2200 сўмга кескин юқорилаганига тушунмай қолдик. Айрим «запраква»лардаги нархлар 2000 сўм атрофида. Лекин нархни 300 сўмга ошириб олганлар сони жуда кўп. Улар нималарга асосланиб, бундай иш тутишлари бизга ҳам қизиқ туюлади».

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Шундан сўнг шаҳарнинг «Камолот» кўчасидаги «жевачи» «запваркаси» томон йўл олдик. Бу ерда ҳам нарх ўша – 2200 сўм. Афсуски, шохобча иш бошқарувчиси қўнғироқларимизга жавоб бермай, гўшакни кўтармади.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Андижонлик ҳайдовчиларга яхши таниш бўлган «бўстон» ёнилғи қуйиш шохобчаси оператори Отабек Ибрагимовнинг фикрларини эшита туриб, аввалига унинг сўзларига ишонгимиз келмади. Аммо бу рост экан.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Одатда бизда газ нархи бошқа «заправка»ларга нисбатан 100 ёки 150 сўм арзон бўлади. Айни пайтдаги нарх 1850 сўм. Кўриб турганингиздек шу боис машиналар навбати узун».

О.Ибрагимов билан суҳбатлашгач, мазкур шохобчада машинасига газ тўлдираётган ҳайдовчиларга турли саволлар бердик. Улар ҳақиқатдан бу ерда нарх ҳамиша арзон бўлишлигини айтишди. Ҳатто айрим юртдошларимиз бошқа «заправка»лардаги нарх 2200 сўмга чиққанидан бехабар эканлигини ишонқирамай таъкидлашди. Негаки улар ушбу шохобчанинг доимий мижози экан.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Андижон шаҳридаги «80 метр» дея номланувчи манзилимиздаги газнинг нархи 2100 сўм экан.

Суриштирувимиз давомида метан газ нархи вилоятнинг деярли барча туман ҳамда шаҳарларида ҳам 2200 сўм ва шу нарх атрофида сотилаётганлиги шоҳиди бўлдик. Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида Молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг интернет сайтларида эълон қилинган «Водий вилоятларида газ нархининг ошганига келадиган бўлсак, у юртимизда 1 ноябрдан 11 сўмга ошиб, 1900 сўм деб белгиланган эди. Бироқ, айни кунларда унинг баҳоси 2200 сўм экани ҳақида хабарлар келмоқда. Ваҳоланки, уларга солинган солиқ атиги 55 сўмга ошган. Бу тадбиркорларга маҳсулот баҳосини 300 сўмга оширишга йўл очиши керак эмас. Ҳаммамиз битта мамлакат, юрт фарзандимиз. Қаерда солиқ ҳисобига нарх-наво ошган бўлса, айтинглар. Биз унинг олдини оламиз. Ахир, ҳар соҳада очиқлик, шаффофлик таъминланмоқда», деган фикрлари ҳамда ўнлаб шохобчаларда кузатиб, гувоҳи бўлган ҳолатларимиз бизда турли саволларни туғдирди. Нима учун биз ташриф буюрган «заправка»лардаги нархлар турлича? Уларни қайси давлат ташкилотлари қатъий назоратга олади? Нархларнинг ошиши қонунийми ёки тадбиркорлар иҳтиёри билан юқорилаяптими? Агар бу ҳолат қонуний тарзда бўлаётган бўлса, нима учун барчасида нархлар бир хил эмас?  Қачонгача оддий халқ газ нархини рўкач қилаётган киракашлар билан йўл кира ҳақи борасида гап талашиб, уруш-жанжал кўтаради? Йўловчилар қачон йўл ҳақидан мамнун бўлиб, ўз манзилларига хурсанд бўлиб бориб келишади? Халқни рози қилиш, улар кайфиятини кўтариш тўғрисида қайси ташкилот масъуллари бош қотиради?

Шу ва бошқа бир қатор саволларга мутасадди идоралар вакилларидан аниқ изоҳ беришларини кутиб қоламиз.

Биз эса мавзуга яна қайтамиз...

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Спорт
Tata Steel Чесс 2023. Нодирбек Абдусатторов америкалик рақиби билан дуранг ўйнади ва ҳамон мусобақа пешқадами бўлиб турибди. Жавоҳир Синдоровда ҳам дуранг
Маҳаллий
Сурхондарёдан топилган айиқ боласи зоопаркка топширилди
Маҳаллий
Ўзбек тили дарслигида мусиқа асбоблари номи хато ёзилгани айтилди (видео)