Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 24 декабрь куни Ўзбекистон – Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш марказининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистонда Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш институти марказини ташкил этиш бўйича эришилган битим Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, бу борадаги илғор халқаро моделлар ва стандартларни жорий этишда инсон капитали иштирокини рағбатлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон – Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш марказини молиялаштириш учун Ҳиндистон ҳукуматининг 800 минг АҚШ долларидан зиёд маблағи йўналтирилган. Ушбу марказ Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда замонавий ёндашувлар ҳамда илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этишга кўмаклашади.
Марказ замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. У ерда маҳаллий, шунингдек, Ҳиндистон ва бошқа хорижий давлатлар компаниялари тадбиркорлари учун тажриба алмашиш дастурлари ва амалиётлари ташкил этилади. Рақобатбардош иқтисодиётда бизнес раҳбарларни тайёрлаш учун конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилади.
Изоҳ (0)