Ньирагонго ва Ньямлагира вулқонлари Африка қитъасида жойлашган энг фаол вулқонлар ҳисобланади. Бу эгизак вулқонлар Конго Демократик Республикасида жойлашган бўлиб, қитъадаги вулқон фаоллигининг 40 фоизи айнан ана шу икки вулқонга тўғри келади. Фаол отилиш вақтида бу вулқонларнинг лава оқимлари 20—25 километр жанубда жойлашган Киву кўлигача етиб боради, деб ёзмоқда TravelAsk.
Ньирагонго
Ньирагонго вулқони Киву кўлидан 17 километр шимолда жойлашган бўлиб, унинг баландлиги 3470 метрни ташкил қилади. Ўтган 135 йил ичида 34 та отилиш қайд этилган. Сўнгги марта вулқон 2012 йилда отилган бўлиб, шундан буён фаоллик белгиларини намоён қилмоқда. Вулқоннинг ўзига хослиги кратерда суюқ лаванинг мавжудлиги ҳисобланади.Лава кўли жуда фаол бўлиб, вулқон отилиши вақтида қўшимча хавфни юзага келтиради. Кратернинг тўлиб кетиши ёки деворининг бузилиши оқибатида лава тик қоя бўйлаб пастга 100 км/соат тезликда ҳаракатланади ва йўлида учраган барча нарсани вайрон қилади.
Ньямлагира
Ньямлагира вулқони ўз қўшнисидан бироз шимолда жойлашган бўлиб, баландлиги 3058 метрни ташкил қилади. Бу вулқон ҳам жуда фаол бўлиб, кузатувлар бошланганидан буён 35 марта отилиш қайд этилган. Бу вулқон отилган вақтда атмосферага катта миқдорда олтингугурт чиқади.Бу вулқонда ҳам лава кўлининг мавжудлиги қайд этилган, бироқ 1938—1940 йилларда юз берган кучли отилишдан кейин лава оқиб кетган ва Киву кўлигача етиб бориб, ўз йўлида кўплаб уйларни йўқ қилган. Вулқоннинг сўнгги йирик отилиши 2011 йилда кузатилган.
Изоҳ (0)