Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва «Нуроний» жамғармаси ҳамкорлигида «Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда оилавий маросимларни тартибга солишда кекса авлод вакилларининг ўрни» мавзусида ўқув семинари ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унда соҳа мутасаддилари, «Нуроний» жамғармаси, Ички ишлар вазирлиги ходимлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссияси раиси ҳамда аъзолари, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари иштирок этди.
Семинарда ижтимоий фаол кекса авлод вакилларини жиноят содир этишга мойил, профилактик ҳисобда турган, тарбияси оғир вояга етмаганлар ва ёшлар, нотинч оилалар фарзандлари ва уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга бириктиришнинг аҳамияти катта экани қайд этилди.
Мамлакатда амалга оширилган профилактик ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган ўн ойида содир этилган жиноятлар сони 2017 йилга нисбатан сезиларли даражада камайган. 2018 йилнинг ўтган вақти давомида «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмалари аъзоларининг хабари ёрдамида 53 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган.
Ўз хизмат фаолиятига масъулият билан ёндашган, маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик содир этилишига йўл қўймаган, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни очишда ёрдам берган 756 нафар «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзолари рағбатлантирилган, шундай фидойи посбонларнинг 120 нафари ички ишлар органларига хизматга қабул қилинган.
Тадбирда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб, жиноятчиликнинг олдини олиш, тарбияси оғир ёшлар билан ишлаш механизмини такомиллаштириш, тўй ва бошқа оилавий маросимларни ихчамлаштиришда кекса авлод вакилларининг фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Изоҳ (0)