Попда жойлашган ИИБ ЙҲХБ ҳузуридаги 1-туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаси бошлиғи Шавкат Эргашев ўзини «Улуғбек» деб таништирган шахс танишининг Damas машинасига чиройли давлат рақам белгиси тақдим этиш ва агрегат муҳрини навбатсиз босиб бериш эвазига пора таклиф этаётганлигини билдириб, раҳбариятдан мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўришни сўради. Бу ҳақда «Дарё»га Наманган вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.
«Улуғбек» бўлинма биносида ҳуқуқ-тартибот ходимига 150 минг сўм пора бераётганда вилоят ИИБ ўз хавфсизлиги бўлими, Поп туман прокуратураси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Дастлабки суриштирувда ушбу шахс Наманган туманида яшовчи С.Улуғбек эканлигини аниқланди. Унга нисбатан туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этиш жоизки, бу якунланган август ойининг ўзида вилоятда ИИБ ходимларига пора беришга уриниш билан боғлиқ учинчи ҳолат бўлди. Олдинроқ ЙПХ инспектори ва профилактика инспекторига пора бермоқчи бўлган шахслар ушланганди.
Изоҳ (0)