Ой календари бўйича Хитойда 2019 йил тўнғиз (чўчқа) йили ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатдаги янги почта маркаларида унинг сурати акс этди, деб ёзади Meduza.
Янги почта маркаларида ота-она тўнғизлар ва уларнинг 3 та чўчқачаси акс этган. Хитойликлар эса буни 2016 йилда юз берган воқеа билан боғламоқда.
Ўшанда Хитой ҳукумати «битта оила — битта фарзанд» сиёсатидан воз кечиб, фуқароларга икки нафар фарзанд кўришга рухсат берган эди. Ва шу муносабат билан 2016 йилда маймун ва унинг икки боласи акс этган почта маркалари чиқарилган эди.
Энди, чўчқа йилига бағишланган янги маркаларнинг чиқарилишини хитойликлар мамлакатда тез орада уч фарзанд кўришига рухсат берилишига ишора деб қабул қилмоқда.
Маълумот учун, аввалроқ Bloomberg агентлиги Хитойда туғилишга қўйилган барча чекловлар олиб ташланиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.
Унга кўра, ҳукумат бу ҳақида 2019 йилда эълон қилиши мумкин. Хитой расмийларининг фикрича, оиладаги фарзандлар сонига нисбатан чекловнинг бекор қилиниши аҳоли кексайишига қарши курашда ёрдам бериши мумкин.