Олдин хабар қилинганидек, 13 июль куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари эллик учинчи сессияси бўлиб ўтди. «ZarNews.uz» сессияда кўтарилган мавзулар юзасидан қисқача маълумот келтирди.
Сессияни депутат Баҳодир Шарофов бошқарди.
Унда Ўзбекистон бош вазири А. Арипов ва Давлат хавфсизлик хизмати раиси И. Абдуллаев иштирок этди.
Сессияда бош вазир вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида мавжуд қатор муаммолар, йўл қўйилган камчиликларга тўхталди. Хусусан, вилоятда экспорт масаласида аҳвол ёмон эканлиги, айниқса, қурилиш ишларида ўзибўларчиликка йўл қўйилаётганлиги, порахўрлик ва бюрократизм авж олганлиги кескин танқид қилинди.
Таъкидланишича, Президентнинг 17–18 март кунлари вилоятга ташрифи давомида белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйилган. Натижада вилоят иқтисодиётида, шу билан бирга аҳолининг ижтимоий ҳаётида юзага келаётган муаммоли вазиятлар ўзгаришсиз қолиб кетаверди.
Хусусан, жорий йилнинг олти ойи якунларига кўра, тўртта йирик саноат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетганлиги оқибатида 288 миллиард сўмлик маҳсулот ҳажми йўқотилган. Табиийки, бу ҳолат ушбу корхоналарда ишчи ўрни қисқаришига олиб келади. Шунингдек, вилоятда саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш ишлари эътибордан четда қолмоқда. Жумладан, вилоятнинг республика саноатидаги улуши 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида 6,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг шу даврида 5,3 фоизни ташкил этиб, 1,5 фоизга камайиб кетган.
1 июлга қадар ишга туширилиши лозим бўлган 16 та йирик саноат лойиҳалари амалга оширилмаган. Вилоят табиий минерал хом ашё ресурсларига бой бўлиб, улардан самарали файдаланиш тўғри йўлга қўйилмаган. Мисол учун, Пахтачида каолин, гранит, гипс, Нарпайда цемент, керамзит, қум-шағал, керамика, Нурободда цемент, мармар, оҳак, гипс ва бўр, Иштихонда мармар ва керамика каби замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаган. Мазкур шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўтган олти ой давомида биронта ҳам тадбиркор билан учрашмаган, аксинча тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлган.
Кичик бизнесни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш масалаларига умуман эътибор қаратилмаган. Бунинг оқибатида бугунги кунда вилоятда рўйхатдан ўтган 18 минг 856 та кичик бизнес субъектларининг 3 минг 458 таси ёки 18 фоизи фаолият кўрсатмаяпти. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтказилган 805 та тадбиркорлик субъектлари банкдан умуман ҳисоб рақам очмаган.
Инвестиция дастури доирасида 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида умумий қиймати 356 миллиард сўмлик 446 та лойиҳани амалга ошириш орқали 2 774 та янги иш ўринлари ташкил этиш белгиланган. Бироқ 1 июль ҳолатига амалга ошиши лозим бўлган 58 миллиард сўмлик 44 та лойиҳа ишга тушурилмаганлиги оқибатида 324 та янги иш ўринлари яратилмасдан қолган.
Жорий йилда ғаллачилик бўйича 153 та фермер хўжалиги 2 250 тонналик шартнома мажбуриятини бажармаган. Шунингдек, 2018 йил ҳосили учун вилоят бўйича 2 490 тонна пилла тайёрлаш белгиланган бўлиб, амалда 390 тонна пилла топширилмади.
Ёшлар билан ишлаш тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида 2018 йилнинг ўтган даврида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан жами 590 та турли кўринишдаги жиноятлар содир этилган.
«Обод қишлоқ» дастурига асосан бу йил вилоятдаги 94 минг аҳоли яшаётган 29 та, келгуси йил яна 119 минг аҳоли яшаётган 42 та қишлоқ обод қишлоққа айлантирилиб, бу ерда яшаётган ҳалқимиз учун зарур бўлган шароитлар яратилади. Бироқ вилоятда «Обод қишлоқ» дастури ижросини таъминлаш ишлари суст бормоқда.
Сесссияда бош вазир вилоятдаги яна бир қатор камчиликларни жиддий танқид қилиб, бунга вилоят ҳокимининг фаолиятидаги жиддий нуқсонлар сабаб эканлигини қайд этиб ўтди. Шунингдек, ишлаб чиқариш, аҳоли уй-жойлари, ижтимоий соҳа объектлари қуриш учун қилган мурожаатларини вилоятдаги соҳа раҳбарлари фақат манфаат эвазига ҳал қилиб берганига алоҳида тўхталди.
Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида ЮНЕСКОнинг талабларига зид равишда қурилиш ишлари олиб борилган ва бунга била туриб рухсат берилган. Айрим ҳолларда тарихий-маданий объектлар бузилишига сабаб бўлган. Хорижлик сайёҳлар Самарқандга янги биноларни эмас, асосан тарихий-маданий иншоотларни томоша қилиш мақсадида ташриф буюришини вилоят ҳокими, соҳага масъул бўлган шахслар инобатга олмаган.
Шундан кейин сессияда ташкилий масалалар кґрилди. Туробжон Жўраев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасидан озод этилди.
Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига кўра шу вақтгача Сурхондарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаб келган Эркинжон Турдимов номзоди Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.
Сессияда вилоят Кенгаши депутатлари — «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ. Нормуродов, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф. Тошев сўзга чиқди.
Изоҳ (0)