Андижон вилояти ҳудудида денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган «Хонобод» сиҳатгоҳи фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Мазкур сиҳатгоҳ Шавкат Мирзиёевнинг тегишли топшириғига асосан, жуда қисқа фурсатларда барпо этилди. Қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 800 нафардан ортиқ ишчи-ходим ва мутахассислар жалб этилгани, керакли материаллар ўз вақтида етказиб берилгани туфайли вилоятда кўркам мажмуа қад ростлади. Барча ташкилий чора-тадбирлар GM Uzbekistan томонидан амалга оширилди.
Сиҳатгоҳнинг умумий майдони 10,5 гектардан иборат. Бу ерда мароқли ҳордиқ чиқариш учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Хусусан, замонавий спорт майдонлари, сув ҳавзалари, интернет тизими, болалар майдончалари дам олувчилар ихтиёрида.
Энг сўнгги замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган муассаса юқори ва қуйи нафас органлари, ҳаракат-таянч, асаб тизими касалликларини даволашга ихтисослаштирилган. Бу ерда 130 дан ортиқ малакали ходим меҳнат қилиб, бир вақтнинг ўзида 200 нафар киши соғлиғини тиклаш имконияти мавжуд.
Изоҳ (0)