Шу кунларда дунёнинг қатор давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳаво ҳарорати +40 даражадан юқори бўлмоқда. Хўш, ёзнинг бундай жазирама об-ҳаво кунларида офтоб урмаслиги учун нима қилиш керак? Қандай кийиниш ва овқатланишимиз лозим? Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати вазир ўринбосари, бош давлат санитария врачи Саидмурод Сайдалиевнинг тавсияларини эълон қилди.
— Маълумотларга қараганда, шу йилнинг 7—10 июль кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, кечаси +24... +29 даража, кундузи эса +38... +43 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда. Ҳатто Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ҳарорати +45 даражагача кўтарилиши мумкин. Ўзбекистон аҳолиси бундай аномал иссиқ иқлим кунларида зарурат сезганда республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг худудлардаги 13 та филиали ҳамда 173 та туман ва шаҳар бўлимларида туну кун тез, сифатли тиббий ёрдам олишлари мумкин. Мазкур даволаш муассасалари зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Бундан ташқари, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган. Қолаверса, ҳар бир туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида «Ишонч телефон»лари фаолият кўрсатмоқда.
Шуни ҳам айтиш керакки, кузатилаётган бундай жазирама кунларда биринчи навбатда бошни қуёш нуридан асраш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, инсонларни офтоб уришига олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатида тана ҳароратини кўтарилиши,терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пулс тезлашиши, юракни тез уриши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилаши мумкин.