Тошкент шаҳрида канал ва катта ариқ бўйларини йиллар давомида тўпланиб қолган қурилиш ва маиший чиқиндилардан тозалаш, ноқонуний қурилмалардан халос этиш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.
Ички ишлар, ФВВ, шаҳар ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғинлари «Обод маҳалла» дастури доирасида биргаликда олиб бораётган ҳашар ишлари натижасида бугунгача кўплаб масканлар обод бўлди.
Жумладан, Сергели туманидан оқиб ўтувчи Найман каналининг 3 километрлик қисмида айни пайтда тозалаш ишлари қизғин давом этмоқда. Эрта саҳардан кечгача бу ерда туман ИИО ФМБ, прокуратура, ҳокимлик ва солиқ органлари ходимлари тинимсиз иш олиб бормоқда. 5 июндан бошлаб уларга Навоий вилоят фавқулодда вазиятлар хизмати ёрдам бермоқда. «Дарёбўйи» маҳалласида эса Нилуфар 1- тор кўчаси қурилиши бошланган.
Абай ва Бектемир маҳаллаларидан оқиб ўтувчи Бектемир каналини ҳам бугун таниш осон эмас. Ҳозирда сувнинг икки четидаги ноқонуний қурилма ва иншоотлар бузилиб, обод қилинмоқда. Ички ишлар ходимларининг ҳудудни обод қилишдаги хизматларини кузатиб, шу ерлик аҳолининг ҳам ғайрати жўшмоқда. Кўпчилик ходимларга елкадош бўлиб, ушбу хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшмоқда.