Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ноқонуний, яъни яширин равишда ишлаб чиқариш ёки савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланиш ҳолатларига чек қўйиш ва олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда амалдаги қонун ҳамда тартиб-қоидаларга зид иш кўраётган фуқаролар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли таъсир чоралари кўрилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Шундай тадбирлардан бирида Наманган шаҳрида туғилган А.У. Оромгоҳ маҳалласидаги хонадонлардан бири ертўласида яширин цех ташкил қилиб, эркаклар уй кийими тикиш билан шуғулланаётганлиги маълум бўлди. «Тадбиркор»нинг икки турдаги, қиймати 3 миллион 500 минг сўмлик тикув машинаси ҳамда ярим тайёр маҳсулотлари вақтинчалик сақлаш учун далилий ашё сифатида олиниб, «Намангансавдо» улгуржи базасига қарашли махсус дўконга топширилди.
Шунингдек, Наманган туманида ўтказилган назорат тадбирида Уйчи туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган Н.С. қўлбола ускунада музқаймоқ нони ишлаб чиқараётганлиги аниқланди. Ҳуқуқбузардан бир турдаги иккита қўлбола ясалган музқаймоқ нони тайёрлайдиган ускуна вақтинча сақловга олинди.
Чортоқ туманида фуқаро Ф.С. эса қонунга зид равишда шлокаблок ғишт маҳсулоти ишлаб чиқараётгани аниқланди. Қоидабузардан 50 дона қиймати 100 минг сўмлик маҳсулот далилий ашё сифатида олинди.
Учқўрғон туманида яшовчи З.Н. пахта титиш, тўрақўрғонлик И.Б. пахта ёғини қадоқлаш, Уйчи туманидан Н.М. дарвоза тайёрлашга ихтисослашган яширин ишлаб чиқариш цехларини ташкил этган. Айни пайтда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.
Изоҳ (0)