Навоий вилояти ҳокими, 1-сектор раҳбари Қобулжон Турсунов Кармана туманидаги «Қизилқумцемент» акциядорлик жамияти сиҳатгоҳида Навоий шаҳри ҳамда Кармана, Навбаҳор туманлари аҳолиси ва тадбиркорлари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда бандлик, соғлиқни сақлаш, ичимлик ва суғориш суви таъминоти, ижтимоий ҳимоя масалалари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича аҳоли мурожаатлари муҳокама қилинди.
«94 ёшли қайнотам мустақил юришга қийналгани учун ногиронлик аравасига муҳтож, — дейди Навбаҳор тумани Кескантерак маҳалласида яшовчи С. Фармонова. — Қўлимиз бироз калталик қилгани боис вилоят ҳокимидан ёрдам сўрадик. Масала шу ернинг ўзида ижобий ечим топди. Албатта, қайнотам бу эзгу ишлар учун миннатдорлик билдириб, яхши ниятлар билан дуога қўл очди».
Учрашувда кўтарилган масалаларнинг асосий қисмига шу жойнинг ўзида ечим топилди. Хусусан, аҳолининг иш сўраб, соғлиғини тиклаш, меҳнат ва ижтимоий муҳофаза борасидаги мурожаатлари юзасидан тегишли корхона ва ташкилотлар ҳамда сектор раҳбарларига топшириқлар берилди.
Учрашув доирасида меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Фуқароларга ишга жойлашиш учун йўлланма тақдим этилди. Тижорат банклари томонидан кредит олиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Изоҳ (0)