Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистонда май ойининг иккинчи ўн кунлиги кучли ёғингарчиликлар билан давом этди. Оқибатда мамлакатнинг кўплаб ҳудудлари сув ва сел тошқинлари остида қолди. Ҳукумат, жойлардаги масъуллар табиий офат оқибатларини бартараф этишга уринмоқда, жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Афсуски, тошқинлар оқибатида қурбон бўлганлар ҳам бор.

Тошкент шаҳри

13 май куни Тошкентда кучли ёғингарчилик кузатилди. Оқибатда шаҳарнинг аксарият кўчалари ва майдонлари, маҳаллалар орасидаги йўллар сув остида қолди. Интернет эса шаҳарнинг сув босган кўчаларидан олинган видео ва фотоларга тўлиб кетди.

Шаҳарнинг, не бахтки, шу шаҳарда яшайдиган масъуллари 14 май куни ушбу ҳолатга муносабат билдирди. Шаҳар ҳокимлиги юзага келган вазият юзасидан «шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларидан узр сўради». Ўз навбатида, ҳокимликдан «бошқа ташкилотлар ва фуқаролар» билвосита айбдорга чиқарилди — ҳокимлик наздида, айнан ўшалар амалга оширган қурилишлар сабаб шаҳар режасига қурилган юзлаб ёмғир сувига мўлжалланган қувурлар кўмиб юборилгани айтилди.

Келажакда бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида махсус ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ, жумладан, шаҳар дренаж-лоток тизими объектларининг ҳақиқий ҳолатини ҳам ўрганиб чиқади, дунёнинг йирик мегаполис шаҳарларида қўлланилган замонавий технологик ечимлар ўрганиб чиқилиб, таклифлар ишлаб чиқилади ва бу таклифларнинг бажарилишига ваъда берилди.

Қашқадарё вилояти

14 май куни Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида кучли ёғингарчилик оқибатида сел юзага келиб, Жиллисув аҳоли пунктида тўртта хўжалик сув остида қолгани ҳақида расмий ахборот берилди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Кейинроқ «Халқ сўзи» нашри 14 майга ўтар кечаси юз берган селдан Китоб туманида 200 га яқин хонадон зарар кўргани, сел 120 дан ортиқ чорва молларини оқизиб кетгани ҳақида ёзди.

Фото: «Халқ сўзи»

Табиий офат оқибатида нафақат аҳоли хонадонларига, балки йўллар ва кўприкларга ҳам зиён етган. Нашр тошқинлар Китобдан ташқари Чироқчи, Яккабоғ ва Деҳқонобод туманларида ҳам кузатилганини маълум қилган.

Шундан сўнг ФВВ матбуот хизмати 15 май куни Қашқадарёнинг Китоб ва Деҳқонобод туманларида қисқа муддатли кучли ёғингарчиликдан сўнг «Самарқанд—Қарши» йўлининг тагидаги қувурлар шох-шаббалар билан тўлиб қолгани оқибатида сув тошиб чиққани ҳақида ахборот берди.

Фото: «Халқ сўзи»

Сел қурбонлари ҳақида биринчи марта 17 май куни ахборот берилди — 16 май куни Чироқчи туманининг «Сариққамиш» қишлоғига ёпирилган сел оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди. Маълумотларга кўра, улардан уч нафари бир оила вакиллари бўлган — она ва унинг икки боласини сел оқизиб кетган.

Самарқанд вилояти

«Gazeta.uz» 19 май куни ФВВга асосланиб, Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани Лангар аҳоли пунктида 14 май куни кузатилган сел оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ҳақида ахборот тарқатди. 15 май куни худди шу туманнинг Жом ва Гирдиқўрғон қишлоқларида 62 та хўжалик сув остида қолгани айтилди.

Фото: «Kun.uz»

Жомда бўлиб, вазиятни ўрганган «Kun.uz» мухбирларининг хабар беришича, 15 май куни соат 20:00 атрофида Жом сойи бўйлаб келган «Самарқанд-Қарши» йўли остидаги қувурларга тиқилиб, 21 та хонадон ва атрофдаги иншоотларнинг сув босишига сабаб бўлган. Масалан, жомлик Собир Сайдуллаевнинг уч бош қорамоли нобуд бўлган, икки машинасини сел оқизиб кетган.

«Kun.uz» Самарқанд туманининг Оҳалик маҳалласига ҳам сел келиб, турар жойларга зиён етказгани, бир оиланинг икки фарзанди билан оқиб кетгани ҳақида расман тасдиқланмаган ахборот борлигини ёзганди.

Фото: «Kun.uz»

Хабар беришларича, вилоят ҳокими Туробжон Жўраев жабр кўрган хонадонларнинг барчасига давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини айтиб, одамларнинг кўнглини кўтарган.

Сурхондарё вилояти

18 май куни вилоятнинг Қумқўрғон тумани Элобод, Азларсой ва Богор маҳаллалари ҳудудида сел оқимлари юзага келган. ФВВ ахборотига кўра, сел натижасида маҳаллалардаги 116 хонадонга сув кирган, ушбу хонадонлардан 754 нафар фуқаро хавфсиз жойларга кўчирилган. Тан жароҳати олган аҳоли йўқ, бироқ моддий зарар кўлами ҳам айтилмади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 21 майдаги ахборотига кўра, Қумқўрғондаги тошқинлардан жабрланган аҳолига Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан умумий ҳажми 90 тоннани ташкил этган инсонпарварлик ёрдами юборилган.

Интернет-нашрлар Сурхондарёнинг Бойсун, Олтинсой, Денов туманларида ҳам сел келишлари кузатилганини билдирди. «Сел оқими туфайли ‘Бойсун—Термиз’ йўлининг бир қисмини ювиб кетган ва лойқага тўлдирган. Айрим жойларда йўл емирилиб, юк машиналари ўтиши учун яроқсиз ҳолга келган ва йўлларда узун тирбандлик ҳосил бўлган», — деб ёзади «Kun.uz».

Фото: Бойсундаги қизғиш рангга кирган дарё.

Фото: Бойсундаги қизғиш рангга кирган дарё.
Фото: «Kun.uz»

Кучли ёғингарчилик тоғли туманларда қорга ҳам айланган. Шу сабабли Сурхондарёнинг шимолий туманларида май ойи учун ноодатий совуқ ҳаво ҳукмрон. Дарбанд дарёси эса қизғиш тусга киргани ҳақида хабар берилди.

Наманган вилояти

18 май куни соат 17:30 атрофида вилоятнинг Косонсой тумани Ровот, Гузар, Боғ, Сойбўйи, Хонқўрғон, Янгишаҳар, Янгийўл, Қозоқовул ва Булоқбоши маҳаллалари ҳудудида кучли жалали ёмғир ёғиши натижасида 543 та ҳовли қисман сув остида қолган.

«Маҳаллар ҳудудидаги ирригация тизимлари кўп миқдордаги ёмғир сувларини сиғдира олмагани сабабли аҳоли хонадонларига сув кирган... Аҳолини кўчириш ишлари талаб этилмади», — деб ахборот берганди ФВВ. Ҳеч ким тан жароҳати олиб жабрланмаган, бироқ моддий зарар кўлами маълум қилинмаган.

Навоий вилояти

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида ҳам сел кузатилган. Ҳудуд чорвадорларининг маълум қилишича, табиий офат оқибатида нобуд бўлган майда ва йирик чорва моллари сонини «аниқлаш имкони йўқ, бироқ етказилган талофат миқдори йирик, дейиш мумкин».

Тан жароҳати олиб, жабрланганлар йўқ. Бироқ ҳудуд аҳолисини бошқа масала ўйлантириб қўйган — уларнинг маълум қилишича, сел келиб-кетганидан бир неча кун ўтган бўлса ҳам, туман мутасаддилари бирор марта аҳоли ҳолидан хабар олмаган.

Қайд этиш жоиз, Навоийда сел бўлгани ҳақида расмий манбалар ҳам бирор ахборот бергани йўқ.

Фарғона вилояти

21 май куни «Kun.uz» нашри Фарғона вилоятидаги мобил мухбирига асосланиб, Сўхга ёпирилган сел видеоларини эълон қилди. Ғазноб маҳалласида селдан пайдо бўлган кучли сув оқими оқибатида уйлар, кўчалар зарар кўрган, маҳалла қабристонини оқим ювиб кетган.

Табиий офатдан 200 дан зиёд хонадон зарар кўргани айтилмоқда. Ҳозирча Фарғонадаги сел ва унинг оқибатлари ҳақида бирор расмий ахборот берилганича йўқ.

Қурбонлар қанча? Етказилган зарар кўлами-чи?

Агар расмий манбалар тарқатган ва ОАВда берилган ахборотларга ишонилса, Ўзбекистонда 13—14 май кунларидан бери кузатилаётган сел ва тошқинлар оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган — Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида беш киши, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида уч киши. Шунингдек, фақат Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманида 700 дан зиёд аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилгани ҳақида ахборот берилди.

Расмий идораларнинг сел ва тошқинларга доир барча ахборотларида табиий офатдан зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинаётгани ҳақида айтиляпти, бироқ етказилган зарарнинг кўлами, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра миқдори қанча экани ҳақида бирор маълумот ҳозирча берилгани йўқ.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон яқин йилларда бундай тошқинларга дуч келмаган эди. Дуч келган бўлса ҳам, ҳозирги даражада батафсил ёритиш кузатилмагани боис вазият тўлиқ ҳис қилинмаган бўлиши мумкин, оқибатда шундай тошқинларнинг олдини олиш, олди олинмаса ҳам, бундай табиий офатлар оқибатида юзага келиши мумкин бўлган зарар кўламини қисқартириш имконини берувчи чоралар кўрилган бўларди, эҳтимол.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, муаммога ўзидан бошқа ҳаммани айбдор қилиб кўрсатгандек кўринган бўлса-да, муаммо борлигини тан олиб, уни ҳал этишга ҳаракат қилишини тан олди. Қолган ҳудудлар ҳам, қолган мутасадди ташкилотлар ҳам, балки, энди ҳаракатни бошлагани маъқулдир. «Биз ҳам шунча вақтдан бери қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ, ишлаётгандик», дейдиганларга Самарқанднинг Жом қишлоғида истиқомат қилувчи Собир Сайдуллаев билан боғлиқ вазият қисман жавоб:

«Собир аканинг айтишича, уйига биринчи марта сел кириши эмас. Унинг уйи ‘Самарқанд-Қарши’ йўлига энг яқин ва пастликда жойлашган. У икки йилдан бери катта йўл остидаги сел ўтказувчи қувур кенгайтирилишини талаб қилиб, республика идораларига мурожаат қилиб келганлигини алоҳида таъкидлади».

Изоҳ
Асосий янгиликлар