АҚШ президентининг расмий қароргоҳи иккита. Биринчиси, Вашингтон (Колумбия округи)да жойлашган бўлиб, 1800 йилда қурилган Оқ уй ҳисобланади. Пенсильвания-авеню 1600 даги Оқ уйнинг Овал хонаси АҚШ президентининг расмий иш жойи саналади. ЎзА Business Insider нашри томонидан дунёнинг энг аҳамиятли биноси ҳақида эълон қилинган қизиқарли маълумотларни тақдим этди.
Вашингтондан юз километр шимолий-ғарбда – Мэриленд штатининг тоғлари орасида АҚШ президентининг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳи ҳам бор. Бу қароргоҳ Кэмп-Дэвид, деб номланади.
АҚШ президентининг яна бир қароргоҳи ҳам бўлиб, Пенсильвания-авеню 1651 да жойлашган Blair House’дир. АҚШ тарихи ва дипломатиясида муҳим рол ўйновчи бу қароргоҳда АҚШ президентларининг меҳмонлари жойлашади.
Бир сўз билан айтганда, Оқ уй ҳовлисидан бир неча қадам нарида жойлашган Blair House президентнинг расмий меҳмонхонаси саналади.
Иккинчи жаҳон уруши давридан мазкур бино давлат раҳбарлари, қироллар ва АҚШнинг сайланган президентларини қабул қилгани боис ҳам «жаҳондаги энг таниқли меҳмонхона» сифатида тан олинади.
Blair House—президентнинг расмий меҳмонларини кутиш уйи. Бино Оқ уй қаршисида жойлашган. Бино қурилиши 1820 йилда бошланган. Аввалига Blair House Қўшма Штатлар армиясининг жарроҳи Жозеф Ловеллнинг хусусий уйи бўлган. 1836 йилда бино 6500 долларга президент Эндрю Жексоннинг дўсти ва тарафдори Френcис Блаир томонидан сотиб олинди.
1942 йилда АҚШ президенти Франклин Рузвелт даврида, мамлакат ҳукумати бинони сотиб олган. Шундан бери бино Вашингтонга ташриф буюрган давлат раҳбарлари ва хорижий делегацияларнинг қароргоҳи сифатида хизмат қилади. Оқ уй таъмирланаётгани боис президент Гарри Трумэн тўрт йил Blair House’да истиқомат қилган.
Бугунги кунда 6500 квадрат метрни ташкил қилувчи Blair House 110 та хонаси бўлмиш «тўртта уйдан» иборат мажмуа ҳисобланади. Бу Оқ уйдан ҳам катта эканлигидан далолат беради.
Меҳмонхонада конференц-заллар, кутубхона ва дам олиш жойлари бор. Blair House’га фақат ва фақат АҚШ президенти расман таклиф қилган меҳмонларгина жойлаштирилади.
Шунингдек, мансабига киришмоқчи бўлган АҚШ президентлари ҳам бу бинода вақтинча яшашлари учун рухсат берилади.
Қароргоҳ расман АҚШ Давлат департаменти ва Протокол бошқармаси бошлиғи тасарруфида. Blair House’га бир йилда ўртача 30 тача давлатнинг раҳбари келади, шунингдек, турли тадбирлар ўтказилади. Буларнинг ҳаммаси мазкур бинонинг ноёб дипломатик аҳамиятга эга эканлигини намоён қилади.
1980 йилларда капитал таъмирланишдан сўнг Blair House икки томонлама музокаралар ва олий даражали учрашувлар жойига айланди. Хорижий давлат раҳбарлари жойлашгани учун қароргоҳда ўша давлат байроғи кўтарилади. Бу бинода АҚШ расмийлари мунтазам тушлик қилишади ва оқшом тадбирларини ўтказадилар.
«Blair House меҳмонхона эмас, меҳмонлар ўзларини хусусий қароргоҳда яшаётгандек ҳис қилишлари керак», — дейилади АҚШ давлат департаменти журналида чоп этилган мақолада.
Изоҳ (0)