4 май куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Европа ташқи фаолият хизмати бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Жан-Кристоф Беллиар билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилиш доирасида икки томонлама ҳамкорликнинг жадал кўриниши мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги олти ой давомида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Федерика Могеринининг мамлакатимизга икки марта ташриб буюрди ва Ўзбекистон раҳбарияти билан самарали музокаралар ўтказди.
2018 йилнинг январь февраль ойларида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан умумий савдо айланмаси 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга ошиб, 375 миллион евродан кўпроқни ташкил этди.
«Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» шаклидаги барча қўшма органлар мажлислари тизимли равишда ўтказилмоқда, шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги амалдаги битимни янгилаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Учрашув давомида халқаро ва минтақавий муаммоларнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Суҳбатда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан иштирок этди.
Изоҳ (0)