Европанинг вайрон бўлиш арафасидаги тарихий ёдгорликлари (фото)
Europa Nostra федерацияси Европанинг вайрон бўлиш арафасидаги тарихий обидалари рўйхатини эълон қилди. Ташкилот Европа маданий мероси ва табиатини муҳофаза қилиш мақсадида тузилган. Туркиянинг қадимий Ҳасанкейф шаҳри, Дурреседаги Рим амфитеатри (Албания), Италиядаги Алессандрия қўрғони сингари ёдгорликлар рўйхатдан жой олган.
TravelAsk вайрон бўлиш арафасидаги тарихий ёдгорликларнинг энг машҳурларини жамлади.
Буюк Британия: Гримси шаҳридаги муз фабрикаси
Қачонлардир Гримсида дунёнинг энг йирик денгиз бандаргоҳларидан бири жойлашган эди. Фабрика денгиз кемаларида балиқларни сақлаш учун мўлжалланган муз ишлаб чиқарган. Ҳозир бино ташландиқ ҳолатда, уни тиклаш режалаштирилмаган.
Австрия: Венанинг тарихий маркази
Вена — жаҳон таниган бастакорларнинг ватани. Европа маданий меросининг шаклланишида Венанинг ўрни катта. Бироқ янги қурилган кўп қаватли бино шаҳар тарихий марказинининг қиёфасига путур етказмоқда.
Албания: Византиянинг қадимий ибодатхоналари
Уруш ва табиий офатлар Албания жануби-шарқидаги Воскопое ва Виткуке шаҳарларида жойлашган 12 та ибодатхонани вайрона ҳолатига келтирган.
Болгария: Бузлужадаги коммунистик партия уй-музейи
Коммунистик партиянинг афсонавий уй-музейи 1981 йили қурилган. Бироқ коммунистик тизимнинг қулаши билан Бузлужада талон-торож ва тартибсизлик авж олган. Ёш болгарияликларнинг аксарияти бу ёдгорлик ҳақида ҳатто эшитмаган.
Руминия: Констанце шаҳридаги казино
1910 йили Қора денгиз бўйида модерн услубида казино қурилган. Бироқ 2000 йилдан буён бино ташландиқ ҳолатда.
Туркия: ёғочдан қурилган энг йирик иншоот
Истанбул яқинидаги Принкипо оролида юнон православлари томонидан асос солинган меҳрибонлик уйи бор. Бу — Европада ёғочдан қурилган энг йирик бино. 1964 йили меҳрибонлик уйи ёпилган, шундан буён бинодан фойдаланилмайди.
Грузия: Давид-Гарежа черков мажмуаси
Тбилисидан 60 километр узоқликда Грузия маданиятининг дурдонаси — VI асрда ғорлар ичига қурилган черков мажмуаси жойлашган. Мажмуанинг умумий узунлиги — 25 километр.
Изоҳ (0)