2018 йил 13 март куни диний идорада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ўқувчи ёшлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тадбирда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 157-умумий ўрта таълим мактабининг 50 нафарга яқин ўқувчиси иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан очилди. Дастлаб, ўқувчиларга диний идоранинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Сўнгра, диний идора ходими Исҳоқжон домла Бегматов сўзга чиқиб, таълим ва тарбия, одоб-ахлоқ, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш мавзусида маъруза қилди.
У ўз нутқида жиноят содир этиш жуда ҳам оғир гуноҳ экани, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бундай хатти-ҳаракатлардан қаттиқ қайтарилганини жонли мисоллар орқали таъсирчан қилиб, тушунтирди. «Бир ишнинг гуноҳ эканини билган одам албатта ундан қайтади. Жиноятнинг қайси бир турини олиб қараманг, динимиз, инсонийликка хилофдир. Одам ўлдириш, ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик — буларнинг барчаси инсон ҳаётига зарар», — деб таъкидлади Исҳоқжон домла.
Учрашув жуда ҳам кўтаринки руҳда, савол-жавобларга бой бўлди.
Изоҳ (0)